Учрашувда Корея компаниясига соҳанинг сўнги йиллардаги ўсиш динамикаси, сармоявий лойиҳаларни амалга оширишда хорижий инвесторларга Давлат ва Уюшма томонидан кўрсатилаётган ҳуқуқий ва амалий кўмак тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди. Шунингдек, Ўзбекистон корхоналари томонидан қайта ишланган жун маҳсулотлари, тайёр чарм намуналари тақдим этилди.  

“Sangwon” компанияси вакили қайта ишланган жун маҳсулотларини кўздан кечириб, маҳаллий корхоналарнинг бу борадаги салоҳияти юқори эканлигини, Жанубий Кореяда бу турдаги жун маҳсулотларига талаб юқори эканлигини маълум қилди. Шунингдек, мамлакатимиздан нафақат тайёр маҳсулотларни харид қилиш балки, янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш мақсад қилинганлиги қайд этилди. Лойиҳа қиймати 15 миллион долларни ташкил этади.

Янги лойиҳа Жанубий Корея технологияси асосида амалга оширилади. Бу ерда нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистонда ҳосил бўлган жун хом ашёсини ҳам қайта ишлаш имконияти пайдо бўлади. Янги лойиҳа билан аввало ишлаб чиқаришга халқаро стандартлар жорий этилса, иккинчи навбатда тайёр маҳсулотлар нафақат Корея, балки халқаро майдонда талабгир маҳсулотга айланади. Бугун Корея автосаноати учун зарур бўлган чарм маҳсулотлар асосан кичик шохли қорамол терисидан тайёрланяпти. Боиси айни саноатда юмшоқ терига бўлган талаб ортиб боряпти. Бироқ, бугунги кунда Жанубий Кореяда қўй териси ва ундан тайёрланган чарм етишмайди. Шу сабаб, ишончли ва узоқ йиллик ҳамкорга эҳтиёж сезиляпти. Маълумки, Ўзбекистонда бир йилда 9 миллион дона кичик шохли қорамол териси етиштирилади. Шунингдек, қўшни республикаларда ҳосил бўлган хом терини ҳам қайта ишлаш имконияти бор. Шу сабаб, “Sangwon” компанияси мамлакат автосаноати учун тайёр чармни Ўзбекистондан харид қилиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб, бу борада ҳамкорлик қилиш бўйича аниқ режаларини маълум қилди. Хусусан, қўй терисидан тайёрланган тайёр чармни харид қилиш бўйича компания Ўзбекистон корхоналарига чармнинг техник параметрларини юборадиган бўлди. Келгусида катта миқдорда Ўзбекистондан қўй терисидан ишланган тайёр чарм импорт қилинадиган бўлди. Қайта ишлаш жараёни эса тўлиқ Корея технологияси асосида амалга оширилади.

Учрашув сўнгида тез фурсатда компания вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюриб, ҳар икки лойиҳани амалга ошириш бўйича маҳаллий корхоналар билан музокараларга кириши юзасидан келишувга эришилди, деб хабар беради “Ўзчармсаноат” уюшмаси матбуот хизмати.