Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Корея республикасининг Давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазирлиги ўртасида электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича Ўзбекистон - Корея экспертлар гуруҳи фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди.

Мазкур Англашув Меморандуми электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт йўналишида амалга оширилиши режалаштирилаётган барча устувор лойиҳалар ва дастурлар ишлаб чиқилиши инобатга олинган ҳолда 2017 йил 22 ноябрда Сеул шаҳрида имзоланган Англашув меморандумига қўшимча сифатида имзоланади.

Корея экспертлари билан ҳамкорликда, электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўналишида устувор лойиҳалар ва дастурлар ишлаб чиқиш, электрон ҳукуматни ривожлантириш режасини биргаликда ташкил этиш билан боғлиқ консалтинг хизматларини кўрсатиш, электрон ҳукумат соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш тўғрисида ахборот алмашиш, давлат хизматларини электрон шаклга ўтказишни ташкилий-техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича ахборот алмашиш, электрон ҳукумат тизимини янада ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш, электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш дастуридаги устувор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш устувор вазифа қилиб белгиланган, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.