32 ёшли актёр ўтган муддат давомида мажбурий ҳарбий хизматни ўтаган.
Philstarнинг маълумот беришича, Ли Мин Ҳо танаффусдан кейин “Қирол: Абадий монарх” романтик-фантазия телесериалида бош қаҳрамон ролини ижро этди.
Ўтган ҳафта Филиппин ва Сингапур матбуот вакиллари билан бўлиб ўтган видеомулоқотда актёр 3 йил вақт ўтганига қарамасдан, кино оламини умуман тарк этмагандай ҳис қилаётганини айтган.
“Уч йиллик танаффусдан сўнг, ўзимни кино оламида бегона эмас, ўз оламимида эканлигимни ҳис қилдим. Менга берилган ролни аввалгиларидан ҳам яхшироқ ижро этишга бутун эътиборимни қаратдим, деб ўйлайман. Шундай қилиб, мен буни ҳақиқатга айлаштириш учун жуда кўп ишладим.
Ҳозир сизлар билан суҳбатлашиб ўтирарканман эртага драма бошланишини олдидан кўп нарсалар хаёлимдан ўтяпти. Ташвишланиш ва ҳаяжонланиш бор.”, деган Мин Ҳо.
Янги “Қирол: Абадий монарх” телесериалида актёр ҳозирги Корея Республикасининг параллел оламидаги Корея Қироли Ли Гонни ижро этди. Гарчи, у телесериалда “баркамол” ҳукумдор деб тан олинган бўлса-да, у болалигида отаси (қирол)нинг ўлдирилганига гувоҳ бўлади ва ўзи ҳам фожеадан аранг тирик қолади. Шундан кейин, у саройни “ҳалокатли жанг майдони” сифатида билади.
Шунингдек, телесериалда у ўзининг сирли “қутқарувчиси”ни кўп йиллар давомида қидириши ортидан тасодифан бошқа оламга бориб қолади ва у ерда детектив Жунг Тае Вул (Гоблин юлдузи Ким Го Юн) билан учрашади.
Ли Мин Ҳо телесериалдаги партнёри ҳақида шундай дейди: “Ким Го Юн билан ишлаш имкониятига эга бўлишни хоҳлаганман. Чунки унинг турли хил асарларда такрорланмас образлар гавдалантирганини кўрганман. Мен у билан ишлашдан жуда мамнун бўлдим. У ҳақиқатда турфа жозибаларга эга. Сьёмка жараёнида, баъзан у менга сингил каби муносабатда бўлди. Баъзида эса, анча ёш сингилга ҳам айланиб қолди. Ўйлайманки, телесериал орқали мухлислар унинг маҳоратига тўлароқ гувоҳ бўла олишади”.
Видеомулоқот давомида актёр нима учун айнан қирол ролини танлагани ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
“Мен ҳарбий хизматдан сўнг қандай драматик рол яратишни хоҳлаётганим тўғрисида кўп ўйладим. Бир нечта сценарийларни кўриб чиқдим. Улар орасида “қирол” ролини ўйнаш мен учун ноёб имконият бўлди.
Қолаверса, мен гавдалантирмоқчи бўлган характер ҳам айнан қаҳромоним ички оламида бор эди”.
Шунингдек, Мин Ҳонинг қўшимча қилишича, сценарий муаллифи Ким Юн Су билан муваффақиятли “Ворислар” телесериалидан 7 йил ўтгач яна бирга ишлаш имкони бўлгани ва ёзувчига нисбатан ишончи ҳам асарни танлаш қарорига сабаб бўлган.
Нурилло Тўхтасинов
таржимаси