Мулоқотнинг асосий мавзуси икки давлат ўртасида чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, мамлакатимиздан Кореяга тайёр маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилиш ҳамда Ўзбекистондаги чарм корхоналарнинг тозалаш иншоотларини такомиллаштириш ва замонавий технологияларни қўллаш масаласи бўлди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш зарур, «Beomhan engineering» компанияси 1995 йилда ташкил этилган. Асосий иш фаолияти сувдан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳтни муҳофаза қилиш соҳасида тозалаш иншоотлари учун технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш ва сифат назоратини олиб бориш билан шуғулланади. Шу кунга қадар компания томонидан дунёнинг турли мамлакатларида 3000 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилган.
«Pukyong» миллий университети эса Жанубий Кореядаги энг тарихий таълим маскани саналади. У 1924 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда бутун жаҳон бўйлаб 170 000 мутахассис ушбу университет дипломини қўлга киритган. Айнан ушбу таълим маскани битирувчилари, геология, океанария, IT, саноат технологиялари, экология йўналишларидаги корхоналарда биринчи тоифали кадрлар дея баҳоланади.
Учрашувда уюшма раҳбарияти томонидан мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумот тақдим этилди. Хусусан, чарм-пойабзал соҳасининг ишлаб чиқариш салоҳияти, инвестициявий муҳит, экспорт кўрсаткичлари ҳақида ахборот берилди. Хорижий сармоядорларга берилган имтиёз ва преференциялар тизими тушунтирилди.
Мулоқотда кореялик меҳмонлар бугунги кунда Ўзбекистонда айнан IT, саноат технологиялари тез суръатларда ривожланиб бораётганини, шу сабаб Осиёнинг энг йирик иқтисодига эга давлат инвесторлари мамлакатимизга ошиқаётганини таъкидлади.
Мулоқот чоғида, «Beomhan engineering» компанияси вакиллари мамлакатимизда чармсаноат корхоналарида тозалаш иншоотларини модернизация қилиш ҳамда Корея технологияларни жорий этиш юзасидан ўз таклифларини билдирди. Шунингдек, бу йўналишда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ташаббуси билдирилди. Мазкур лойиҳа, экология ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни кўзда тутади. Бу эса ўз навбатида чарм-пойабзал корхоналари учун муҳим саналади.
«Pukyong» миллий университети томонидан эса кадрлар малакасини ошириш, қўшма таълим дастурлари асосида саноат корхоналари учун малакали мутахассислар етказиб бериш бўйича алоҳида йўл харитасини ишлаб чиқиш юзасидан ташаббуслар билдирилди.
«Ўзчармсаноат» уюшмаси раҳбарияти билдирилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Мазкур лойиҳаларни самарали ҳаётга жорий этиш бўйича олдиндаги вазифаларнинг амалий ва ташкилий жиҳатлари муҳокама қилиб олинди. Хусусан, жорий йил 27-29 март кунлари Жанубий Кореяда бўлиб ўтадиган халқаро кўргазма доирасида «Ўзчармсаноат» уюшмаси ҳамда «Pukyong» миллий университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланади.
Ушбу ҳужжат билан Уюшмага аъзо корхоналарнинг мутахассислари Кореяда ўз малакаларини оширади. Улар экология, саноат технологиялари, дизайн, маркетинг йўналишларида ўз билимларини мустаҳкамлайди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.