Шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов Korea Land & Housing корпорацияси Бош менежери ХА Ён Су бошчилигидаги ишбилармонлар гуруҳини қабул қилди.

Ўзаро мулоқот давомида Бектемир туманида бунёд этилиши кўзда тутилган «Халқаро инновацион қурилиш комплекси ва замонавий ақлли шаҳар барпо этиш» лойиҳаси доирасида Корея томонидан тузилган консорциум доирасидаги ишлар муҳокама этилди.

Учрашувда Жанубий Кореянинг Smart City қуриш технологияси тақдимоти ўтказилиб, Smart City бош режасининг техник параметрлари кўриб чиқилди. Шунингдек, лойиҳанинг урбанизация жараёни ва тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, Smart City бунёд этиш учун зарур бўладиган жараёнлар хусусида сўз юритилди.

Бектемир туманига мўлжалланган лойиҳа доирасида бош режа ҳамда унинг техник-иқтисодий асоси (ТИА)ни ишлаб чиқиш Корея Республикаси ҳукумати гранти асосида амалга оширилади. Бугунги кунда лойиҳани амалиётга жорий этиш доирасида Корея томонидан тузилган консорциумда аъзо ташкилотлар ва Тошкент шаҳар ҳамда Бектемир тумани ҳокимликлари масъуллари фаол иш олиб боришяпти.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбарияти ва лойиҳага алоқадор давлат органлари билан учрашувларни ўтказиш, лойиҳа амалга ошириладиган ҳудуд ва пойтахтимизда олиб борилаётган шаҳарсозлик ишлари билан танишиш ҳамда Корея томонидан бош режа ва ТИАни ишлаб чиқиш учун сўралган маълумотларни тақдим этиш кўзда тутилган, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.