— Шундан энг кенг тарқалгани — ўпка фибрози, — дейди Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наргиза Парпиева. — Коронавирусли пневмонияга чалинган беморларда тегишли муолажалардан сўнг ўпкада чандиқлар ҳосил бўлиб, бу, вақт ўтиши билан нафас олиш самарадорлиги пасайишига олиб келди.

Пандемиянинг илк йилларида СОВИД-19га чалинган беморларнинг тахминан 20-25 фоизида пневмония ривожланган бўлса, “дельта” штамми доминант версияга айлангач, бу кўрсаткич янада ортди. Энг ёмони, ўша йилларда ўлим кўрсаткичлари кескин кўпайди. Муолажа олиб, тўлиқ соғайганларда ҳам асоратлар қолди. Ўпкадаги яллиғланиш ўрнида чандиқлар пайдо бўлди.

Фиброз туфайли соғлом ўпка тўқималари ўз хусусиятини йўқотади. Оқибатда альвеолалар (ўпкадаги газ алмашинуви учун масъул пуфакчалар) кислородни ўзлаштира олмайди ва нафас олиш функцияси бузилади. Агар тегишли муолажалар амалга оширилмаса, ўпка фибрози аста-секин қатор асоратларни юзага келтиради.

Жумладан, бемор ҳансираш ва ҳаво етишмаслиги, сурункали йўталдан азият чекади. Ўпка, юрак етишмовчилиги пайдо бўлиши мумкин. Миянинг кислородга тўйинмаслиги эса руҳий ҳолат ва онг ўзгаришига олиб келади.

Кузатувларга кўра, “омикрон”нинг ВА.2 турида ҳам “дельта” штаммига хос хусусиятлар қисман намоён бўлди. Яъни, мазкур субвариант юқори нафас йўлларигагина эмас, балки инсоннинг нозик аъзоси — ўпкасига “зарба” беради.

ЖССТ томонидан бу йил CОВИД-19 пандемияси бекор қилиниши кутиляпти. Аммо бу одамлар энди коронавирусга чалинмаслигини англатмайди. Фақат инфекцияни юқтириш кўрсаткичлари кескин камайиб, ўсиш динамикаси қайд этилмаcлиги мумкин. Шу боис, касалликнинг олдини олиш учун вирусга қарши тўлиқ босқичда ҳамда бустер дозада эмланиш лозим. Бу эса энг тўғри ва самарали йўлдир.

Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.