Шанхай материя институти томонидан COVID-19 вирусига қарши яратилган VV116 (Реминдевир) препарати ҳақида маълумот берилди. Институт профессори Шен Жингшан ушбу препаратнинг кимёвий ва тиббий хусусиятлари ҳақида тақдимот ўтказди ва дори воситасининг самарадорлиги тўғрисида маълумот алмашилди.
Хитой олимлари томонидан яратилган «Реминдевир» препарати ҳозир инъекция шаклида ишлатиладиган «Ремдесивир» препаратининг янги шакли бўлиб, ножўя таъсирлари камлиги ва таблетка шаклидалиги билан диққатга сазовор.
Ҳозир ушбу препарат клиник синовдан ўтиш босқичида бўлиб, тадқиқотлар якунлангач, Навоий эркин иқтисодий зонасида Шанхай фармакология институти билан ҳамкорликда қуриладиган дори препаратлари субстанциялари синтези заводида ишлаб чиқариш режалаштирилган.
– Навоий вилояти Кармана туманида қурилиши режалаштирилаётган мазкур фармацевтика заводи дори препаратлари субстанцияларини кимёвий синтезловчи Ўзбекистондаги илк корхона бўлади, – деди инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов. – Ўзбекистонда иқтидорли, малакали кимёгарлар кўп, улар шу пайтгача субстанциялар синтезини фақат илмий-тадқиқот институтлари қошидаги лабораторияларда амалга оширган, лекин бу субстанцияларнинг синтези саноат даражасига олиб чиқилмаган. Бу заводнинг ташкил этилиши илмдан капитал олиш имконини беради, янги иш ўринлари яратиш, рақобатбардош, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга шароит яратади.
Учрашув давомида томонлар Навоий вилоятида доривор моддалар синтез қилиш бўйича Ўзбекистон–Хитой тиббиёт технологиялари паркини яратиш лойиҳасини жадаллаштириш, юзага келаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича фикр алмашдилар, дейилади вазирлик ахборот хизмати хабарида.