Шу маънода, Президентимизнинг жорий йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишидаги нутқи барчамизни бу иллатга қарши курашда бирдамликка чақирди, десак муболаға бўлмайди. Чунки коррупцияга қарши кураш ҳар бир соф виждонли инсоннинг муқаддас бурчидир.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда бу иллатга қарши курашиш бўйича тегишли қонунлар қабул қилиниб, янги тизим яратилди. Қатор ташкилотлар фаолияти йўлга қўйилди.
Нуронийлар коррупцияга қарши курашнинг олдинги сафида бўлади
Рустам КАЛОНОВ,
«Нуроний» жамғармасининг Тошкент шаҳри бўлими раиси, сенатор:
— Давлатимиз раҳбари жамоатчиликка мурожаат қилиб, коррупцияга қарши кураш умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон иши эканини таъкидлади.
Президентимиз жуда тўғри қайд этди. Коррупцияга «жамият танасидаги саратон» сифатида қараш керак. Энг асосийси, бутун жамоатчилик бирлашиб курашиши зарур. Зеро, бу халқимиз, фарзандларимизнинг эртанги куни, фаровон ҳаёти учун кураш масаласидир.
Коррупцияга қарши курашнинг олдинги сафида, албатта, нуронийлар туриши керак. Ҳаром билан ҳалолни ёшларга бугун биз ўргатмасак, эртага кеч бўлиши шубҳасиз. Шундай экан, ҳаммамиз ягона куч бўлиб, Президентимиз атрофида жипслашиб ҳаракат қилсак, албатта, ижобий самарага эришамиз.
Шу боис, жамиятимиз, ўзлигимиз, миллий қадриятларимизга ёт бу иллатни маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар — ҳаммамиз бирлашиб, фарзандларимизга боғчадан, мактабдан бошлаб сингдирамиз ва албатта, уни таг-томири билан қуритамиз. Бунга кучимиз ҳам, қурбимиз ҳам етади.
Аниқ манзилга йўналтирилган 55 ташаббус
Элдор ТУЛЯКОВ,
«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори:
— Мамлакатимизда турли соҳалардаги изчил ислоҳотлар самарасини кўряпмиз, сезяпмиз. Аҳоли фаровонлиги ошмоқда. Давлат кўрсатаётган хизматлар ҳажми ва сифати ортяпти. Энг муҳими, хизмат кўрсатишда инсон омили камаймоқда.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида Президентимиз бугунги ислоҳотлар самарадорлигига муайян маънода тўсиқ бўлаётган, соя солаётган ғов коррупция эканини алоҳида қайд этди.
Таъкидлаш лозимки, коррупцияга қарши курашиш масаласида илк маротаба бундай кўламли йиғилиш ўтказилди. Давлатимиз раҳбари коррупцияга қарши кучли сиёсий иродани намоён этди. Аҳамиятли жиҳати, йиғилишда аниқ мақсадга йўналтирилган 55 та ташаббус илгари сурилди. Улар доирасида 5 та қонун, 12 та фармон ва қарор ишлаб чиқилади. Коррупцияга қарши курашишда парламент, миллий ва ҳудудий кенгашлар, фуқаролик жамияти институтларининг роли оширилади.
Албатта, буларнинг барчаси мамлакатимизнинг янада жадал ижтимоий-иқтисодий юксалиши, инсон манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиш тамойилининг ҳаётга татбиқ этилишига хизмат қилади.
Йиғилишда, шунингдек, йирик лойиҳаларни коррупцияга қарши юқори даражадаги стандартлардан келиб чиқиб баҳолаш лозимлиги таъкидланди. Мутасаддиларга бундай инвестиция лойиҳаларида халқаро коррупцияга қарши стандартларни жорий этиш, йирик аукцион шартларини рақобатдошлик экспертизасидан ўтказишни йўлга қўйиш топширилди.
Бу борада хорижий инвесторлар мисол қилиб келтирилгани бежиз эмас. Чунки «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида хорижий инвестицияни жалб этиш кўламини кенгайтириш борасида алоҳида мақсадлар белгиланган. Қачон хорижий инвестор кўпаяди? Қачонки улар мамлакатда қонунлар ишлаётгани, давлат органлари ўзининг ишини виждонан бажараётгани, жамиятнинг коррупциядан холи эканига ишонса.
Президентимиз таъбири билан айтганда, жиноятчилик маҳкам жиловланган, хавфсиз жойга инвестор кўпроқ маблағ киритади, одамларимизнинг ишончи янада ортади.
Дабдаба ва ҳашамга берилганларни тартибга чақириш вақти келди
Серикбай УСEНОВ, Қозоқ миллий маданият маркази раиси:
— Аввало, коррупцияга қарши курашишда ҳар бир фуқаро фаол бўлиши керак. Бунда, энг асосийси, ёш авлоднинг ушбу иллатга нисбатан фуқаролик позициясини шакллантириш зарур.
Коррупция жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигини келтириб чиқаради. Бу эса барча соҳадаги ислоҳотлар натижасига салбий таъсир этади. Қолаверса, айрим фуқароларнинг ҳуқуқий онги ҳамда маданияти етарли эмаслиги, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезони бузилишига сабаб бўлмоқда.
Ушбу йўналишдаги тарихий йиғилишдан зарур хулосалар чиқардик. Президентимиз таъкидлаганидек, бугун биз коррупция билан эмас, унинг оқибатлари билан курашиб юрибмиз. Аслида, унинг олдини олиш билан шуғулланишимиз керак.
Келажакка асосий таҳдидлардан бири, бу — коррупция. Давлатимиз раҳбари йиғилишда жамиятдаги коррупциянинг илдизи дабдаба ва ҳашамда эканини айтди. Албатта, бунинг олдини олиш учун энди жиддий ишлаш, зарур тарғибот-ташвиқот тадбирларини олиб бориш, керак бўлса, бундай фуқароларнинг масаласини маҳалла-кўй иштирокида кўриб чиқиш, тартибга чақириш пайти келди деб ўйлаймиз.
Маҳаллаларда, миллий марказларимизда тизимли равишда жиноятчиликка қарши курашиш ҳафталикларини ўтказиб келамиз. Юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни қадрлаш, кечаги кун билан бугунги куннинг фарқини яхши тушуниш, маҳаллада, тўй-маъракада ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик, ҳалоллик ва шукроналик билан ҳаёт кечиришни тушунтириш бўйича «йўл харитаси» тузиб олдик. Бу борада жамиятимизда тўпланган яхши тажрибаларни кенг тарғиб қиламиз.