Жумладан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Самарқанд вилоятининг Қўшработ ва Каттақўрғон туман ҳокимликлари мансабдор шахслари томонидан хизмат сафарларига яқин қариндошлар ҳамда соҳага бевосита алоқадор бўлмаган ходимларни юбориш амалиёти йўлга қўйилгани маълум бўлди.

Жумладан, Хитой Халқ Республикасида Марказий Осиё давлатларининг профессионал фермерлари учун ташкил этилган семинарга Қўшработ туман ҳокимининг ҳайдовчиси М.Т. ҳамда ҳокимнинг ўғли Д.Д.лар хизмат сафарига юборилган.

Шунингдек, "Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва қайта ишлашни ташкил этиш" бўйича махсус ўқув курсларига таклиф этилган 32 нафардан иборат делегация таркибига туман ҳокимининг турмуш ўртоғи М.Ш. ва бошқа бир мансабдор шахснинг яқин қариндоши Ч.Ҳ.лар асоссиз равишда киритилган.

Бундан ташқари, рўйхатдаги айрим шахслар тумандаги 1-сон техникум ходимлари сифатида расмийлаштирилган бўлса-да, аслида у ерда ишламасликлари ўрганиш давомида ўз тасдиғини топди.

Шу каби ҳолатлар Каттақўрғон туман ҳокимлиги фаолиятида ҳам кузатилган бўлиб, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида 2025 йилнинг май ойида Хитойга ташкил этилган хизмат сафари таркибига сафар мақсадларига мутлақо алоқадор бўлмаган ходимлар қўшилган.

Шу билан бирга, давлат раҳбарининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон Фармони талабларига зид равишда, Каттақўрғон ва Қўшработ туман ҳокимликлари мансабдор шахсларнинг хорижий хизмат сафарлари ҳақидаги маълумотларни жамоатчиликдан яшириб келишган.

Ҳозирда ўрганиш давомида тўпланган барча ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.