Унда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, Божхона институти, Тошкент давлат юридик университети, университетининг Ихтисослаштирилган филиали профессор-ўқитувчилари, талабалари ҳамда «Тараққиёт стратегияси» маркази экспертлари иштирок этишди.

Тадбирда иштирокчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майда қабул қилинган «Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори атрофлича муҳокама қилинди.

Муҳокама асносида, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларнинг фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий аниқлаш ва баҳолаш, коррупциявий қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, инсон омилини қисқартириш ҳамда тегишли тартиб-таомиллар ва функцияларни рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш орқали муаммоларни бартараф этиш каби муҳим масалалар таҳлил этилди.

Шунингдек, тадбирда иштирокчиларнинг «Давлат бошқарувида ҳаллолик стандарти (вакцинаси)ни жорий этиш – коррупцияни олдини олишнинг муҳим воситаси», «Коррупциянинг жамият тараққиётига таҳдиди масалалари», «Олий таълим соҳасида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар» ҳамда «Банк-молия тизимида коррупцияга қарши кураш: халқаро нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилишнинг айрим масалалари» каби мавзуларда маърузалари тингланди.

Жумладан, «Тараққиёт стратегияси» маркази эксперти Нилуфар Нодирхонова ўз маърузасида банк-молия тизимида коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар ва уларни амалга оширишда халқаро нормаларни миллий қонунчиликка самарали имплементация қилишнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

— Иқтисодиётнинг муҳим бўғини бўлган банк-молия тизимидаги коррупция ҳолатларига қарши курашиш, бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш коррупциоген омилларни бартараф этишда муҳим босқич саналади, – деди Н.Нодирхонова. – Сабаби, бу жараён бошқа соҳалардаги коррупцияга қарши курашишнинг муваффақиятига бевосита таъсир кўрсатади.

Жумладан, банк соҳасидаги ҳозирги ҳолат таҳлили ҳам банк секторида давлатнинг юқори даражадаги аралашуви, давлат иштирокидаги банкларда менежмент ва таваккалчиликларни бошқариш сифатининг етарли эмаслиги, иқтисодиётда молиявий воситачиликнинг паст даражаси каби банк секторини иқтисодий янгиланишлар ва жамият эҳтиёжларига мос равишда ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Бу жараёнда эса, халқаро молиявий институтлар ва Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро валюта жамғармаси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки каби ташкилотларнинг тавсияларини ҳам чуқур ўрганган ҳолда соҳага татбиқ этиш, коррупцияга қарши курашда муҳим омил саналади.

Очиқ мулоқот шаклида бўлиб ўтган илмий-амалий конференция якунида иштирокчиларнинг фикр ва мулоҳазалари тингланиб, кучли ривожланган давлат ва очиқ фуқаролик жамияти барпо этилаётган жамиятда коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали йўлга қўйишда бу каби тадбирлар ғоятда аҳамиятли эканлиги алоҳида қайд этилди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази

Ахборот хизмати