Тошкент кимё-технология институти ва Шўртангазкимё мажмуаси ташаббуси билан олий таълим муассасаси ва ишлаб чиқариш корхонаси ўртасидаги интеграцияни янги босқичга кўтариш мақсадида куни кеча ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ушбу тадбирда Шўртангазкимё мажмуаси бош директори Шуҳрат Асланов, корхона маъмурияти ва мутахассислари, Тошкент кимё-технология институти проректори Хайрулла Пўлатов ва профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

Бугунги кунда институт ва корхона ўртасида бакалавр, магистрантлар тайёрлаш, профессор-ўқитувчиларнинг корхонада стажировкасини ташкил этиш, ҳамкорликда семинарлар ўтказиш ва корхонанинг илмий-техник муаммолари бўйича хўжалик шартномалари тузиш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда.

Айни пайтда институтда ишлаб чиқаришга тайёр бўлган 20 дан ортиқ ишланма мавжуд. Саноат корхоналари билан ҳамкорликда ушбу ишланмаларни молиялаштириш зарурлигини ҳамда институт илмий салоҳиятининг юқорилигини инобатга олиб, корхонада фаолият юритаётган мутахассисларга тадқиқотчилик бўйича илмий раҳбарлик қилиш, шу жумладан, тадқиқотчиларга иккиталик илмий раҳбарликни йўлга қўйиш соҳани янада ривожлантиришга олиб келади.

Ҳозир Шўртангазкимё мажмуасида фаолият юритаётган етакчи мутахассисларнинг деярли ярми Тошкент кимё-технология институтининг собиқ битирувчилари ҳисобланади. Тадбир давомида илмий тадқиқот ишларини олиб боришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган корхонанинг 15 нафар мутахассиси ва институт профессор-ўқитувчилари ўртасида учрашув ташкил этилиб, мутахассисларнинг диссертация мавзуси ва илмий раҳбарини тайинлаш масаласи муҳокама қилинди.

Мутахассисларнинг диссертация мавзулари, корхонадаги мавжуд технологик муаммоларга қаратилган бўлиб,  институтга изланувчи сифатида қабул қилиш ва уларга “Нефть ва газни қайта ишлаш кимёвий технологияси”, “Органик кимё ва асосий органик синтез технологияси”, “Юқори молекули бирикмалар ва пластмассаларни қайта ишлаш технологияси”, “Саноат экологияси”, “Ноорганик моддалар кимёвий технологияси” кафедраларидан илмий раҳбарлар тайинлашга келишиб олинди.

Тошкент кимё-технология институти ва Шўртангазкимё мажмуаси ўртасида тузилган меморандум доирасида корхона билан қўшма илмий тадқиқот лойиҳалари, қўшма илмий ишланмалар, корхонанинг ишлаб чиқариш муаммолари бўйича хўжалик шартномаларни амалга ошириш, ҳамкорликда илмий семинарлар, илмий-техникавий конференциялар ташкил этиш, илмий-педагог кадрлар, ходимлар ёки мутахассисларнинг малакасини ошириш ва касбий қайта тайёрлашни ташкил этиш, талабалар ва профессор-ўқитувчиларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларни ҳамкорликда ташкил этиш режалаштирилди.