Бугун, 11 октябр куни соат 14:21 да Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, Бешқайрағоч кўчасида оқова (чиқинди) сувлари учун мўлжалланган чуқурлик (котлован) қазиш вақтида ўпирилиш содир бўлиб, 3 нафар фуқаро тупроқ остида қолиб кетганлиги тахмин қилинмоқда. 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, ҳодиса жойига етиб борган 2 та қутқарув отряди 16 нафар қутқарувчилари томонидан тупроқ остида қолиб кетган фуқароларни қидирув ишлари олиб борилмоқда.

Учтепа туман ҳокимлиги "Бешқайроғоч" кўчасида олиб борилаётган қурилишда 2 киши ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Ҳақиқатдан ҳам Учтепа тумани "Бешкайроғоч" кўчасида олиб борилаётган коллектор курилишида (котлован қазиш вақтида) 5 нафар  "Шафоат" маъсулияти чекланган жамият ходимлари ишлаётган бўлган. Аммо, тупроқ кўчиши натижасида 2 нафар ишчи ходим ҳаётдан кўз юмган, 1 нафар ходим айни дамда касалхонада, қолган 2 нафар ишчиларнинг аҳволи қониқарли баҳоланмоқда.

Айни дамда, туман Ички ишлар бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади ҳокимлик ахборотида.