Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, тиббиёт маркази ва унинг тасарруфидаги муассасалар мутахассислари ҳамда бир қатор чет эллик тажрибали офталмологлар иштирок этяпти. Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази офталмология соҳаси бўйича мамлакатимиз аҳолисига ихтисослашган тиббий ёрдамни ташкил этишни мувофиқлаштирувчи марказ ҳисобланади.
Тадбирда таъкидланишича, офталмологик ногиронликнинг асосий сабаблари бўлган глаукома, кексалик макулодистрофияси, диабетик ретинопатия, тўр парда кўчиши каби оғир ва мураккаб кўз касалликлари профилактикаси ҳамда уларни эрта аниқлаш муаммолари эндиликда ускуналарга боғлиқ эмас. Лекин вилоят, туман ва шаҳар кесимида бу технологияларнинг бўлиши ҳамда кадрлар салоҳиятини юксалтириш беморларни замонавий стандартлар асосида текшириш ва даволашга имкон яратади.
Ўтган давр мобайнида марказнинг Хоразм, Термиз, Самарқанд, Қорақалпоғистон, Қарши, Бухоро ва Фарғона филиалларида факоэмулсификация, лазер жарроҳлиги каби даволаш усуллари ҳамда оптик когерент томография (ОКТ), ультратовушли биомикроскопия (УБМ) диагностика усуллари кенг жорий этилиши натижасида эришилган муваффақиятлар таҳлил қилинди.
Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланган катаракта ва глаукома жарроҳлиги, реконструктив, шох парда, лазер жарроҳлиги, болалар кўз микрохирургияси, пластик хирургия, шунингдек индивидуал кўз протезларини ясаш ва қўйиш каби тиббий хизматларни янада самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.