Меморандумга мувофиқ, энди ҳар иккала томон биргаликда имконияти чекланган ёш авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, соҳага оид қонун ҳужжатларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш каби соҳаларида яқиндан ҳамкорлик қилади.

Шунингдек, эндиликда Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг “Биз аҳил жамоамиз”, “Пара крикетчи ногиронлиги бўлган спортчилар захираси бизнинг орамизда” шиорлари остидаги ташаббуслари моддий ва маънавий қўллаб-қувватланади, имконияти чекланган ёшларнинг крикет билан шуғулланиши учун зарур шароит яратилади. Крикет ўйини билан мунтазам шуғулланаётган ногирон ёшларни аниқлаб, улар ўртасида мусобақалар ўтказиш йўлга қўйилади. Имконияти чекланган ёшлар орасидан иқтидорли крикетчиларни танлаб олишнинг самарали ва шаффоф тизими яратилиб, терма жамоалар таркибини сифатли шакллантириш учун юқори малакали крикетчилар захираси тайёрланади.

Бу каби тадбирларга имконияти чекланган хотин-қизлар ҳам фаол жалб этилади. Жумладан, келишувда қизларнинг жисмонан бақувват, баркамол ва соғлом бўлишига, чиниқишига, умумий иш фаолияти ўсишига ёрдам бериш кўзда тутилган. Қолаверса, ногиронлар орасида республика ва халқаро даражадаги мусобақалар ўтказиш мақсад қилинган.

Илҳом Раҳмонов