1990 йилда асос солинган, қароргоҳи Малайзиянинг Перлис штатида жойлашган «Alpha Group» компанияси саноат ва қурилиш соҳаларидаги истиқболли лойиҳаларни молиялаштиради. Компания тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларида сотиш учун Малайзиянинг йирик электрон савдо платформалари билан ҳамкорлик қилади.

2020 йил ноябрь ойида компания томонидан мамлакатимизда «МС Alpha» МЧЖ корхонаси таъсис этилган. 2021 йилда ушбу компания томонидан ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Малайзияга экспорт қилинган.

Кўргазма залининг очилиш маросимида Малайзия қироллик оиласи аъзолари, ижтимоий-сиёсий доиралари, йирик компаниялари, таниқли маданият ва санъат намояндалари ҳамда ОАВ вакилларидан иборат 100 нафардан ортиқ меҳмонлар ҳозир бўлишди.

Тадбир чоғида Малайзия томони сўнгги йилларда мамлакатимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар, шу жумладан, иқтисодиётни модернизация қилиш, илм-фан, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнлари билан батафсил таништирилди.

Шунингдек, меҳмонларга Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати, хусусан, Марказий Осиё давлатлари билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш, Афғонистон заминида тинчлик ва барқарорлик ҳукм суриши учун доимий равишда олиб бораётган саъй-ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам тақдим этилди.

Ўзбек маҳсулотлари шоурумида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари намойиш этиляпти.

Малайзиянинг «Alpha Group» компанияси раҳбари Далиа Алкатари ўз нутқида ушбу тадбир икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришдан муштарак манфаатдорлик мавжудлигидан далолат беришини таъкидлади.

Мазкур кўргазма залининг очилиши Ўзбекистондан Малайзия ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларига маҳсулотлар экспортини сезиларли даражада кенгайтириш, Малайзиянинг республикага тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажмини ошириш ва ушбу минтақада мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини юксалтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга эканлиги эътироф этилди.

Тадбир доирасида Малайзиянинг «Alpha Group» компанияси билан мамлакатимизнинг «Sunny Land Products» МЧЖ корхонаси ўртасида Куала-Лумпурга умумий қиймати 1 миллион долларлик озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш бўйича экспорт шартномалари имзоланди.

Шунингдек, миллий маҳсулотларимизни Малайзия бозорларида кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон маҳсулотлари шоурумини маҳсулотлар намуналари билан мунтазам тўлдириб бориш юзасидан келишувга эришилди, деб хабар беради «Дунё» АА.