Шу йилнинг 23-26 июнь кунлари Таиландда бадиий гимнастика бўйича қитъа чемпионати бўлиб ўтади. Бу нифузли мусобақага тайёргарлик кўраётган терма жамоамиз аъзолари Москвада Ирина Винер-Усмонова гимнастика саройида ўтган “Кучлилар турнири”да иштирок этди ва бешта бронза медалини қўлга киритди.
Ёсмина Раҳимова кўпкураш баҳсларида учинчи ўринни эгаллади. Бу баҳсда биринчи ва иккинчи ўринлар россиялик Дина ва Арина Авериналарга насиб этди.
Ёсмина алоҳида машқлар – халқа ва лента билан баҳсларда ҳам учинчи бўлди. Токио-2020 иштирокчиси Екатерина Фетисова булава билан машқларда бронза медалини қўлга киритди.
Гимнастикачиларимиз бешинчи бронзага жамоавий машқларда сазавор бўлди. Ҳакамлар Виктория Нескубо, Ирода Содиқова, Диёра Бахтиёрова, Мубина Камолова, Ясмин Мирзаярова ва Доминика Дамированинг чиқишларини шундай баҳолади.
Мутахассисларнинг айтишича, Москва турнири бадиий гимнастикачиларимиз учун Осиё чемпионати олдидан тайёргарлик вазифасини ўтаган.