Ғафур Ғулом 1939 йилда сўзлаган нутқида ўзининг “бир шўро шоири” эканлигини, шунингдек, баъзи хатоларини эътироф этади. Аслида, рус ва бошқа собиқ иттифоқнинг ўша давр адибларининг кўпчилиги 1937-38 йиллар қатағонидан юрак олдириб қўйганди. Шу тариқа ёшлигида етим қолиб, ука-сингилларига ўзи бош бўлган Ғофур Ғулом ҳам сиёсий жиҳатдан ҳушёр бўлишга мажбур эди.
Академик адибнинг асарларига эътибор қаратилса, унинг “Қизалоқ” ҳикояси, “Нетай” қиссаси жанр жиҳатидан, ҳаётга муносабат нуқтаи назаридан бошқа адибларнинг асарларидан, услуб жиҳатидан, ажралиб туради. “Қизалоқ” ҳикояси қаҳрамони Ибай оқ-қорани танийдиган, ҳукумат идораларида ишлайдиган йигит. Севгилиси Мукаррама ўз ота-онасига қарши бориб, Ибай билан уйдан бош олиб кетади. Қизининг қочиб кетганини эшитиб, Зулайҳо хола дод солиб йиғлайди. Қизидан кечиб, Ибайни қарғайди. Шокир ота эса Ибайникига бориб, жанжал кўтаради. Рўй берган мудҳиш воқеа ҳикояда сиёсий ҳаётга мос равишда баён этилади.
Кўриниб турибдики, собиқ иттифоқ даври турмуш тарзини кенг ёйиш, тарғиб қилиш замон талаби эди.
Шунга қарамай, “Қизалоқ” ҳикояси қаҳрамонлари Мукарраманинг руҳий кечинмалари, Ибайнинг изтироблари халқона ҳолатда ёритилади. Орадан вақт ўтиб, Ибай ва Мукаррамадан хабарнома келади. Мактубда иккала ёш Андижонда бахтли ҳаёт кечиришаётгани баён этилади. Улар қилмишлари учун ота-онасидан кечирим сўрашади. Бунда ўзбекона пушаймонлик, зор-интизорлик, соғинч туйғуси, кўнгил изҳори баён этилади. Ота-онанинг бағрига қайтган ёш оилада қиз фарзанд дунёга келади.
Ғафур Ғулом ижодида фольклор усулидан кенг фойдаланиш кузатилади. Халқ оғзаки ижодининг ғоявий-эстетик анъаналарини пухта ўрганган сўз устаси Ғафур Ғулом ундан кенг фойдаланади. Адиб халқ ҳаёти ва орзу-истакларини, руҳий олами, хулқ-атвори, эстетик диди ва онг-тафаккури даражасини яхши билган ва керакли жойда унумли ишлатган.
Шунингдек, академик шоир ҳазил-мутойибага анча ўч бўлгани сабаб айрим салбий образларни қойилмақом ёритади. Адибнинг ўзи ҳам гўё “Бизнинг уйга қўниб ўтинг, дўстларим” шеърида “Ғафур деган бир Насриддин китоби” дея ўз табиатига ишора қилгандек.
Ғафур Ғулом адабий меросида халқ оғзаки ижодиётининг кенг қамровли таъсирини кўриш мумкин. Масалан: “Афанди ўлмайдиган бўлди” ҳажвияси, “Ҳасан Кайфий” ҳикоясини шоир фольклордан фойдаланиб яратади. “Тирилган мурда” қиссаси ҳам фольклор жанрида баён қилинган. Мисол учун, мулла Мамажон образи орқали халқ орасида юрадиган қочирим, енгил ҳазил-мутойиба тарзда одамларнинг салбий хусусиятлари очиб берилади. Инсонпарварлик ғоялари тарғиб қилинади.
Ғафур Ғулом кучли ҳикоянавис эди. Бу унинг “Жўрабўза”, “Йигит”, “Кулги ҳикоялар” сингари асарларида исботини топган. Албатта, ўша давр адибларининг янги услубдаги дастлабки асарларида публицистиканинг биринчи ўринга чиқиши, тадқиққа берилиш, можарони янги давр қонунчилигига мос тарзда ҳал этишга мойиллик сезилади. Адибнинг “Аркнинг емирилиши”, “Икки жанггоҳ” ҳикояларида воқеалар реал тус олса, “Ҳийлаи шаръий” ҳикояси латифачиликка асосланади, академик шоир айтганидек: “кулдириб йиғлатади, йиғлатиб кулдиради”.
Шу тариқа, янги турмушдаги қусурлар фош этилади. Масалан, рус тилини билмаслик саводсизлик дегани каби.
“Тўрт ҳангома” ҳикоясида Қовулназар пулини омонат кассага қўйишдан бош тортади, латтага ўраб, сомоннинг ичига беркитади. Кутилмаганда ўша тугунни сигирининг оғзида кўриб қолади. Қовулназар тугунни сигир оғзидан суғуриб олишга уринади, кучи етмайди, сигир ютиб юборади. Машмаша шундан сўнг бошланади: биров сигирни суйиб, қорнидан пулингни ол деса, бошқаси кавш қайтаришини кут, дейди.
Содданинг устидан кулиш авжига чиқади: яна бировнинг гапи билан сигирни бозорга солиб, “қорнида уч ярим минг сўлкавой бор”, деб икки баробар қимматга сотишга уринади.
Ғафур Ғулом талай очерклар ҳам ёзди. У ўз очеркларини “очерклашган ҳикоя”лар, дейди. Адиб очеркларида амалдаги қарорлар эмас, балки одамлар тақдири яширинганини айтади. Ғафур Ғулом ранг-баранг, эҳтиросли, кулги улашувчи, қизиқ воқеалар, матн ичидаги кичик ҳикояларга бой публицистикаси туфайли элга танилди. Сўз санъаткори сифатида эътироф этилди. У ўз эсдаликларида: “Зеҳнимда акс этган асрий ҳодисаларни бир муаррих, бир тарихшунос сифатида шу қоғозларда қайд қилиб ўтмоқчиман” ёки “Зеҳним сизники, мен қалам ушлайдиган бармоқ бўлсам кифоя”, дейди.
Академик ижодкорнинг 1966 йилда, яъни 63 ёшида вафот этганида ҳикмат бордек...
Манзура Шамсиддинова,
Тошкент давлат юридик университети доценти