Самарқанд вилоятининг 75 минг 356 гектар ер майдонидаги ғўзадан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилишига боғлиқ.
Об-ҳаво ҳароратининг юқори кунларидан унумли фойдаланиш мақсадида ғўза қатор ораларига ишлов беришнинг аҳамияти катта. Айни кунларда мавжуд 1 минг 612 та культиваторлар билан бир кунда ўртача 7 минг гектардан ортиқ ер майдони культивация қилинмоқда. Мавсум бошидан бери эса ғўза қатор ораларига 4,8 марта, мавжуд 417 та чуқур юмшатгичлар билан бир кунда 3 минг 646 гектар, мавсум бошидан бери 2,2 марта ғўза қатор ораларига ишлов берилди.
Агроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари инспекторлари томонидан культиваторлар ишчи органларини “Балиқ сирти” тарзида қайта жиҳозлаш юзасидан мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.
Культиваторлар ишчи органларини “Балиқ сирти” тарзида қайта жиҳозлаш, ғўза ҳосилини 15-20 фоиз нобудгарчиликдан ҳимоя қилишга хизмат қилади. Ривожланишнинг шоналаш, гуллаш фазасидаги ниҳолларга ишлов беришда бу усул жуда қўл келади.
Хусусан, Пайариқ туманида мавжуд 218 та культиваторлар билан бир кунда 1 минг гектардан зиёд ер майдонидаги ғўзага ишлов берилмоқда. Ҳар бир техника воситасининг иш унумдорлиги ўртача 5-6 гектарни ташкил этади. Культиваторлар ишчи органлари “Балиқ сирти” тарзида жиҳозланиб, оптикателлар ўрнатилди, дея хабар беради Агроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.
— Инспекциянинг туманлар бўлимлари инспекторлари томонидан культиваторларнинг ишчи органлари жиҳозланиши қаттиқ назоратга олинди, — дейди инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Нурмамат Турсунов. — Шунингдек, ғўза парваришида агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширмаган, культиваторларни жиҳозламаган қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарлари Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига асосан, ҳуқуқий таъсир чораси кўрилиши юзасидан огоҳлантирилмоқда.