Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4881-сонли қарори миллий спорт туримизга бўлган қизиқишни янада ортишига сабаб бўлди.

Ушбу қарор ижроси юзасидан кўплаб мусобақалар ташкил этиб келинмоқда.

Мамлакатимизда илк бор ўтказилган “Ўзбек полвони” мусобақаси гиламида эркаклар   –  73кг,- 81 кг,- 90 кг,  -100 кг вазн тоифасида, аёллар  3 та – 57 кг, -63 кг, +63 кг вазн тоифаларида кураш олиб бордилар.  

Юқоридаги қарорнинг “Йўл харитаси”  6-бандига мувофиқ ўтказилган бу мусобақадан мақсад давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида курашни янада оммалаштириш бу орқали ходимларининг жисмоний ривожланишини такомиллаштириш, жисмоний тарбия ва оммавий спортга, миллий спортимиз курашга бўлган қизиқишларини ошириш,  курашни умумхалқ спорти сифати кенг тарғиб этишдир.

Мусобақада Республикамизнинг барча вилоятларидан 100 дан ортиқ полвонлар қатнашдилар. “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, “Ўзбекистон миллий метрология институти” ДК,  “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш” ДҚ, Транспорт вазирлиги, “Сув хўжалиги вазирлиги”, Тошкент тўқимачилик енгил-саноат институти, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, “Ўзбеккўмир” АЖ, “Фарғонаазот” АЖ, “Ўзагрокимёҳимоя”АЖ , АГМК , “Саноат қурилиш банк”, “Монополияга қарши курашиш” қўмитаси, “Ўзбекистон Миллий Олимпия” қўмитаси, “Давлат солиқ қўмитаси”, “Узметкомбинат” АЖ, “Регионалгеология” ДУК, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ, Қарши Давлат университети, , “Халқ банки” АТ, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси, Урганч давлат университети, “Ўзбекистон Ёшлик спорт”, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида фаолият олиб бораётган ходимлар ғолиблик учун ўзаро беллашдилар.

Бу мусобақа жамиятимизнинг турли жабҳаларида фаолият олиб бораётган  кишиларни ўзида бирлаштирди. Бу орқали Ўзбекистон полвонлар юрти эканлиги, полвонлик касб, соҳа, ёш танламаслиги  яна бир бор исботини топди. Гиламга чиққан ҳар бир ташкилот полвони ғолиблик, ўз ташкилоти шаъни учун беллашди.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Кураш Федерацияси Президенти Ниғматилла  Йўлдошев, Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шообдурахмонов, кураш ҳалқаро қоидалари асосчиси, Ўзбекистон Кураш Федерацияси Президентининг биринчи ўринбосари К.Юсупов, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Аваз Каримовлар иштирок этишди.

Муросасиз курашлар остида ўтган мусобақа натижалари қуйидагича.  73 кг вазн тоифасида 1-ўрин Адизов Фаррухга насиб этди. 81 кг тоифада эса Бобоқулов Азиз ғолиб деб топилди. 90 кг вазнда Жўраев Малик шоҳсупани эгаллади. 100 кг вазн тоифасида эса Данияров Эркин ғолиб бўлди.

Мусобақада гиламга чиққан   қизларимиз ҳам  момолари  Барчинойу, Тўмарисларга  муносиб авлод эканликларини намоён этдилар.

57 кг вазнда Каллибекова Бибироза биринчиликни эгаллаган бўлса, 63 кг вазн тоифасида Саурова Шахло ғолибликни қўлга қиритди. +63 вазн тоифасида эса ғолиблик Примбетова Сулуханга насиб этди.

Кураш бўйича илк бора ўтказилган “Ўзбек полвони” мусобақасининг   “Ўзбек полвони” рамзи туширилган  кубогги Бухоро вилояти ҳокимлиги жамоасига насиб қилди. Ғолиб ва совриндорлар қимматбаҳо совғалар ҳамда   диплом   билан тақдирландилар. 

Ўзбекистон кураш федерацияси

        Матбуот хизмати