Мусобақа Президентимизнинг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, миллий қадриятларимиздан бўлмиш курашни янада ривожлантириш, жаҳон спорт оламида обрўсини юксалтириш, хотин-қизлар ўртасида курашнинг  оммавийлигини ошириш мақсадида ташкил этилди.   

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан бешта вазн тоифасида (48 кг., 57 кг., 63 кг., 70 кг., +70 кг.,) 75 нафар курашчи хотин-қизлар жамоавий беллашувларда ғолиблик учун курашди.

Мусобақа тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова, Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Комил Юсупов барчани байрам мусобақаси билан қутлаб, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида  жисмоний тарбия ва спортга, миллий спорт турларига, хусусан, миллий курашга  қаратилаётган юксак эътибор ҳақида гапирди. 

Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида Тошкент вилояти қизлари биринчи, Сурхондарё вилояти жамоаси иккинчи, Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳри полвон қизлари учинчи ўринни қўлга киритди.

Биринчи ўринни эгаллаган жамоага “Кураш маликалари кубоги”, диплом, медаль ва 50 миллион сўм сўм пул мукофоти топширилди. Сурхондарё вилояти жамоаси диплом, медаль ва 30 миллион, Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳри жамоалари диплом, медаль ва 10 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

Бундан ташқари,  “Энг моҳир кураш маликаси” (Юлдуз Муҳаммадиева, Сурхондарё вилояти), “Энг яхши аёл ҳакам” (Севара Деҳқонова, Фарғона вилояти), “Энг яхши қизлар мураббийси” (Умида Матёқубова, Тошкент шаҳри), “Энг яхши аёллар мураббийси” (Манзура Турсунова, Сурхондарё вилояти), “Энг фаол ташкилотчи аёл” (Зулхумор Рўзиева, Тошкент шаҳри), “Хорижлик кураш фидойиси (Сонг Хенг, Жанубий Корея), “Курашнинг фидойи санъаткори” (Гулбаҳор Эрқулова, Тошкент шаҳри) номинацияларида ҳам ғолиблар аниқланиб, ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди

Илҳом РАҲМОНОВ