Ортда қолган биринчи кун доирасида “классик” кураш усталари гиламга чиқди.
Қувонарлиси, Равшан Рўзиқулов шогирдлари муросасиз баҳслар якунида 1 та олтин ва 4 та бронза медалини қўлга киритди. - 67 килограмм вазн тоифасидаги полвонимиз Аброр Атабоевни том маънодаги кун қаҳрамони дейиш мумкин. У чорак финалда қозоғистонлик Султан Ассетулини 9-0, ярим финалда эронлик амалдаги жаҳон чемпиони Мейсам Далханини, олтин медаль учун баҳсда эса грузиялик Жони Хетсуриани 4-0 ҳисобида мағлуб этди. Аброрнинг ғалабаси шарафига мусобақада Ўзбекистон мадҳияси янгради.
Шунингдек, Жасурбек Ортиқбоев, Муҳаммадқодир Юсупов, Жалгасбай Бердимуратов ва Рустам Ассакалов ўз вазн тоифасида шоҳсупага кўтарилди.
Олтин медал:
-67 кг: Аброр Атабоев
Бронза медали:
-55 кг: Жасурбек Ортиқбоев
-60 кг: Муҳаммадқодир
-87 кг: Жалгасбай Бердимуратов
-97 кг: Рустам Ассакалов
Ҳамюртларимиз бугун, 3 июнь куни юнон-рум курашининг қолган 5 та вазндаги баҳсларига киришса, қизларимиз дастлабки саралаш мусобақаларида қатнашади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу халқаро рейтинг турнирида дунёнинг 15 та давлатидан 300 нафарга яқин спортчилар иштирок этмоқда.