Нуфузи жиҳатидан Халқаро олимпия қўмитасидан кейинги ўринда турадиган ташкилотнинг энг муҳим анжуманида дунёнинг барча миллий олимпия қўмиталари вакиллари, Халқаро Олимпия қўмитаси аъзолари ва халқаро спорт ўйинлари ташкилий қўмиталари раҳбарлари иштирок этди. Жумладан, Халқаро кураш ассоциацияси президенти, Осиё Олимпия кенгаши Осиё ўйинлари бош директори, Олимпия ўйинлари бўйича ANOC ишчи гуруҳи аъзоси Ҳайдар Фармон ва Халқаро кураш ассоциацияси вице-президенти Зиёвиддин Ҳожиниязовлар қатнашди.

Улар иштирокида кураш спорт турини дунё бўйича кенг оммалаштириш бўйича учрашувлар ўтказилди. Энг муҳим учрашувлардан бири Африка миллий Олимпия қўмиталари ассоциацияси президенти Мустафа Берраф билан бўлиб ўтди. Муҳокамалар якунида томонлар курашни Африка ўйинлари дастурига киритиш бўйича амалга ошириш лозим бўлган вазифаларни келишиб олди. Бу севимли спортимиз курашни Африка қитъасида ҳам кенг ривожлантириш йўлида тарихий воқеадир.

Мустафа Берраф қитъа спортида ўзига хос трансформация жараёнлари кетаётганини таъкидлади. Кураш спорти Африкадаги ўзгаришларнинг бир қисми бўлишига ишонч билдирди.

Учрашув давомида Европа олимпия қўмитаси аъзолари билан ҳам музокаралар олиб борилади. Курашни Европа ёшлари ўйинларига дастурига киритиш бўйича дастлабки келишувлар амалга оширилди.

Мазкур масала бўйича музокараларнинг амалий босқичи давом этмоқда. Қайд этиб ўтиш лозимки, қитъавий ўйинлар Олимпия ўйинларидан кейинги ўринда турадиган нуфузли спорт байрамидир. Курашнинг қитъавий ўйинлар дастуридан расман ўрин олиши келгусида Олимпия ўйинлари дастурига киритилишида муҳим аҳамиятга эгадир.

IKA раҳбарияти томонидан кураш 2018 йили Индонезияда бўлиб ўтган ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритилган эди. 2023 йил Хитойнинг Ханжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги ёзги Осиё ўйинларида ҳам кураш бўйича расмий беллашувлар бўлиб ўтади.