Учрашув чоғида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот уюштирилди. Унда сўнгги йилларда Ўзбекистонда халқ фаровонлиги ва равнақи йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида хорижий давлатларда мамлакатимизга бўлган эътибор ва қизиқиш табора орттиб бораётгани таъкидланди.
Республикамизга сафар қилиб, бой тарихимиз, тинч, тотув ва фаровон яшаётган халқимиз ҳаёти билан яқиндан танишиш истагида бўлган хорижликлар сони кундан-кунга ошиб бормоқда. Хорижий давлатлардан Ўзбекистонга келаётган саёҳатчиларга яратилаётган қатор қулайликлар эса туризм соҳасини ривожланишига хизмат қилмоқда.
Таъкидланганидек, Кувайт ва Қатар фуқаролари учун республикамизга 10 кун муддатгача визасиз кириш режими жорий этилгани, «Кувайт-Тошкент-Кувайт», «Кувайт-Наманган-Кувайт» йўналишларида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилгани ушбу давлатлардан келувчи сайёҳлар сонини ошишига асос бўлмоқда.
Кувайтлик сайёҳлар Ўзбекистоннинг дунё тамаддунига ҳисса қўшган тарихий шаҳарларини зиёрат қилиш билан бир вақтда республикамизнинг сўлим тоғ бағирларида жойлашган оромгоҳларида оилавий дам олишга қизиқиш билдирмоқда.
Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси Баҳромжон Аълоев тадбир иштирокчиларига яқинда Самарқанд шаҳрида барпо этилган «Буюк ипак йўли» халқаро туризм маркази ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, республика вилоятларида яратилаётган экотуристик масканлар, гострономик ва рекреацион туризм инфратузилмалари кўплаб сайёҳларни ўзига жалб этаётганини билдирди.
Шунингдек, мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари, халқимиз анъаналари ҳамда миллий таомлари ҳақида ҳикоя қилувчи видеофильмлар намойиш этилди.
Кувайт аёллари уюшмаси фаоллари Амирликда оилавий туризмга катта эътибор қаратилаётгани ҳақида сўзлаб берди. Бу борада Ўзбекистонда сайёҳларга яратилган қулайликлар, авваламбор мамлакатдаги тинчлик, барқарорлик, икки давлат халқлари қадриятларининг ўхшашлиги муҳим омил эканини қайд этилди. Ўзбекистон туристик салоҳиятини кувайтликлар орасида кенг тарғиб этиш мақсадида жорий йил ноябрь ойида уюшма делегациясини мамлакатимизга юбориш режаси маълум қилинди.