Ахборотда қайд этилганидек, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2021 – 2022 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш мақсадида жорий йилда кўп квартирали уй-жойларни мукаммал ва жорий таъмирлаш учун республика бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилган.
Халқаро молия институтлари ва республика бюджетидан 2,5 триллион сўм ажратилиши ҳисобига Андижон, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Хоразм, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг иссиқлик тизими модернизация ва реконструкция қилиняпти.
Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2021 – 2022 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 576-сонли қарори қабул қилинган.
Қарорга мувофиқ иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали турар жой фондини 2021 – 2022 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси ташкил этилган ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарларда ҳудудий ишчи гуруҳлар ташкил этилиши белгиланган.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳудудлар «қизил», «сариқ» ва «яшил» ҳудудларга ажратилиб, бунда аҳоли пунктларида электр энергияси ва табиий газ таъминотида муаммолар мавжуд бўлган, уй-жой мулкдорлари ширкатларининг моддий-техника базаси ва молиявий ҳолати оғир, Халқ қабулхоналарига коммунал хизматлар юзасидан кўплаб мурожаатлар тушган, шунингдек, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлар «қизил» ҳудудга киритилган.
Электр тармоқлари ва қурилмаларини куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича тармоқ корхоналари томонидан 75 712 километр электр узатиш тармоқлари ва 28 247 та трансформатор пунктини таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилган.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан 413 та газ тақсимлаш пунктини мукаммал таъмирлаш, 6 471,1 километр қувурларни босим остида синаш ва тозалаш, 4 320,1 километр ер ости қувурларини махсус приборлар ёрдамида текшириш ҳамда 2 180,1 километр газ қувурларини бўяш ишлари амалга оширилган.
«Ўзтрансгаз» АЖ магистраль газ қувур нуқсонли қисми алмаштирилган, магистраль газ қувури реконструкция қилинган ҳамда жамият тасарруфидаги компрессор станцияларида газ ҳайдаш агрегатлар таъмирлаш ишлари бажарилган.
Кўп квартирали уйлар ички иситиш тизимларини модернизация қилиш бўйича 4 199 та кўп квартирали уйларда таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 561,7 квадрат/метр том қисми жорий ва мукаммал таъмирланган, 2 815 та уйларнинг кириш йўлаклари, 670 та уйларнинг фасад қисми, иссиқлик тик қувурлари ва коммуникацияларини таъмирлаш ишлари бажарилган.
Кўп квартирали уйларнинг 962 тасига кодли қулфли темир эшиклар ҳамда 7 377 минг квадрат/метр кириш йўлакларига фрамугалар ўрнатилган.
Ижтимоий соҳа объектларига кўмир ва кўмир брикетини сотиб олиш учун Молия вазирлиги томонидан ҳудудларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, 154 миллиард 100 миллион сўм маблағ ажратилган.
Мажлисда амалга оширилган ишлар қаторида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасида белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ижро этилмаслик ҳолатлари мавжудлиги таъкидланди.
Хусусан, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан 2021 йил 1 октябрга қадар таъмирланиши керак бўлган 4 та гидроагрегат бугунги кунга қадар мукаммал таъмирланмаган.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан газ таъминоти объектлари ва қурилмаларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича Қашқадарё вилоятида газ қувурларини тиклаш ишлари режага нисбатан ҳақиқатда 75 фоизга бажарилган, айниқса Қарши шаҳрида бу кўрсаткич 50 фоизга, Сурхондарё вилояти бўйича 84,2 фоизга, Хоразм вилоятида 66,7 фоизга бажарилган.
Бундан ташқари, «Ўзнефтгазинспекция» томонидан ўтказилган ўрганиш натижасида 201 та ҳолатда улгуржи истеъмолчилар томонидан 4 010 минг кубометр табиий газдан ноқонуний фойдаланилиб, 3 миллиард 592 миллион сўмлик зарар етказилганлиги аниқланган.
Республика бўйича 189 та кўп квартирали уйни мукаммал таъмирлаш ишлари белгиланган муддатда бажарилмаган.
Ижтимоий соҳа объектларини мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини 2021 йил 1 октябрга қадар тўлиқ якунлаш белгиланган бўлсада, бироқ бугунги кунгача уларнинг 200 таси бўйича ишлар якунланмаган.
Мажлисда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсияларини назарда тутувчи тегишли қарори қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.