Амударё туманида 2021-2022 йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича тизимли ишлар ташкил қилинган бўлиб, барча ижтимой соҳа объектлари, жумладан, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш соҳаси объектлари, кўп қаватли турар жой биноларида мавжуд камчиликлар аниқланди. Уларни ўз вақтида бартараф қилиш юзасидан қурилиш-таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари ташкил этилмоқда.
Мавсумга тайёргарлик борасида олиб борилган тизимли ишлар натижасида аҳолини иссиқлик ҳамда электр энергияси билан узлуксиз таъминлашда мавжуд муаммоларни бартараф қилишга ҳамда бу борада юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди.
Туманда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида аҳолини ҳамда ижтимоий соҳа объектларини кўмир билан таъминлаш борасидаги ишлар тизимли тарзда амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳолига 9963 тонна кўмир етказиб бериш бўйича режа белгиланган бўлиб, жорий йилнинг бугунги кун ҳолатига жами 6465 тонна кўмир маҳсулоти аҳоли хонадонларига тарқатилган. Айни пайтда кўмир маҳсулотларини аҳоли хонадонларига тарқатиш ишлари давом эттирилмоқда.
Шунингдек, пандемия шароитида тумандаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни янада қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишларига амалий ёрдам бериш борасида ҳам қатор ишлар бажарилмоқда. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан тумандаги овул ва маҳаллаларда истиқомат қилувчи ижтимоий ёрдамга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилалар, якка-ёлғиз кексалар, моддий кўмакка муҳтож оилалар янада қўллаб-қувватланиб, эҳтиёжманд оилаларга кўмир маҳсулотлари тарқатилди.
Шунингдек, ижтимоий соҳа объектларига жами 3088 тонна кўмир етказиб бериш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунгача 2516 тонна кўмир тарқатилган. Куз-қиш мавсумини беталофот ўтказиш борасидаги бу каби самарали ишлар давом эттирилмоқда.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири