Пахта йиғим-терими тугаши билан кузги шудгорлаш бошланади. Бунинг аҳамиятини эса асл деҳқонларга тушунтиришга ҳожат бўлмаса керак. Хўш, бу борада вилоятда қандай ишлар қилинмоқда? Бекобод туманинг Ойбек ҳудудидаги Фаррух Қурбонжон фермер хўжалигида ташкил этилган семинарда мазкур муҳим агротехник жараённи сифатли ва самарали ташкил этиш ҳақида сўз борди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов, Ўзагролизинг АЖ Бошқарув раиси Н.Отажонов, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари У. Узоқов, шунингдек, туман ҳокимлиги мутасаддилари, қишлоқ ва сув хўжалиги ташкилотлари, агрокластерлар мутахассислари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Айтиш жоизки, келгуси йил ҳосили учун вилоят бўйича 72 минг гектар майдонда кузги шудгорлаш ишлари амалга оширилади. Айни пайтда мазкур ишлар учун 436 та замонавий юқори унумли ҳайдов тракторлари мавсумга шай ҳолатга келтирилган.
Семинарда вилоят ҳокими сўз олиб, келгуси йил режаларининг самараси бугунги ҳаракатга боғлиқлиги, агротехник тадбирларни ўз вақтида ташкил этишда барча имкониятларни ишга солиш кераклиги, шунингдек, мавжуд камчиликларни бартараф этишда амалий кўмакка тайёрлигини билдирди.
Семинар иштирокчилари фермер хўжалиги даласида кузги шудгорлашнинг намунавий усуллари билан танишишди. Ҳудудлардаги илғор фермерларнинг тажрибалари ҳақида фикр алмашилди. Шудгорлаш ишларини музратма кунларга қолдирмасдан якунига этказиш, шўр ювиш, яхоб бериш ишларини сифатли бажариш имкониятлари ҳақида қўшимча маълумотлар берилди.