Фуқаронинг маълум қилишича, ўзига тегишли “Lacetti” русумли автомобилни созлатиш мақсадида “Қўрғонтепа ёшлар соғломлаштириш маркази” МЧЖга қарашли “Бек” автотранспорт воситаларига сервис хизмати кўрсатиш устахонаси ишчиси Дониёр исмли шахсга қолдириб кетган.
Бироқ автомобиль кўтарма ускуна ёрдамида юқорига кўтарилиб, кутилмаганда тушиб кетиши оқибатида кузовининг айрим қисмларига жиддий шикаст етган. Шундан сўнг уста автомобилнинг шикаст етган қисмларини таъмирлаб берган, лекин автомобилнинг таъмирдан кейинги ҳолати истеъмолчини қаноатлантирмаган.
Мазкур мурожаат ўрганилиши натижасида машина тадбиркор томонидан сифатли таъмирлаб берилишига эришилди.
Шундай мурожаатлардан яна бири Жарқўрғон туманида яшовчи фуқаро М.Ўзбековдан келган. Истеъмолчи Термиз шаҳридаги «Сурхондарё автотеххизмат» автомобиль салонига 2020 йил 26 мартда 97 миллион сўм тўлаб "Cоbalt" харид қилган. Бироқ орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, машинанинг орқа қисми иккига бўлиниб кетган. Фуқаро автомашинани таъмирлатиб беришни сўраб автосалонга мурожаат қилган, бироқ маъмурият бундан бош тортган.
Мазкур мурожаат ҳам федерациянинг Термиз шаҳри жамияти ходимлари томонидан ўрганилиши натижасида “Cobalt” русумли автомобиль таъмирлаб берилди, деб бермоқда федерация матбуот хизмати.