Учрашув давомида икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, инвестициялар, савдо, транспорт ва логистика, шунингдек, бошқа устувор йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар қишлоқ хўжалиги инвестициявий шерикликни янада кенгайтириш ва икки томонлама савдо ҳажмини оширишнинг устувор йўналиши бўлиши мумкинлиги ҳақида якдил фикр билдирдилар.
Шунингдек, Латвияда Ўзбекистоннинг 50 та экспорт қилувчи компаниялари вакиллари иштирокида «Made in Uzbekistan» савдо миссиясини ташкил этиш истиқболларини муҳокама этилди. Миссиянинг фаолияти давомида Ўзбекистоннинг озиқ-овқат, кимё, тўқимачилик, чарм, вино, фармацевтика ва туризм соҳаларидаги ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти намойиш этилади. Бундан ташқари, ўзбек тадбиркорлари Болтиқбўйи мамлакатлари ишбилармон доиралари вакиллари билан B2B музокараларида, «Riga Food 2022» халқаро озиқ-овқат кўргазмасида ва Ригадаги Ўзбекистон-Латвия бизнес форумида иштирок этади.
Томонлар ўзаро манфаатли икки томонлама муносабатларнинг янги истиқболли йўналишларига ҳам эътибор қаратдилар. Фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ахборот технологиялари ва олий таълимни ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама этилди. Яқин келажакдаги ҳамкорлик режалари, шунингдек, икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари ва идоралари ўртасида органик озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва сертификатлаш, парранда гўшти ва балиқни қайта ишлаш бўйича тажриба алмашишни ўз ичига олади.
Учрашув якунида томонлар кўриб чиқилган лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.