Ўқув Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Мақбул давлат бошқаруви” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Унда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул вакиллари, вазирлик ва идораларнинг Кадрлар билан ишлаш бўлинмалари ходимлари, “Келажак лидерлари” дастури тингловчилари иштирок этди. 

3 кун давом этган тадбирда маъмурий ислоҳотлар ва давлат секторида ўзгаришлар учун глобал драйверлар, давлат хизматида раҳбар аёлларни қўллаб-қувватлаш, инсон ресурсларини самарали бошқариш ва янги кадрлар билан ишлаш, давлат хизматчилари учун самарали масофавий таълим йўналишларида муҳокамалар бўлиб ўтди.

Машғулотларни Латвия давлат бошқаруви мактаби эксперти Инита Пауловича, Латвия Марказий молиявий ва шартномалар агентлиги Инсон ресурсларини ривожлантириш бўлими бошлиғи Санита Маурите-Шмите ҳамда Латвия Республикаси Суд маъмурияти Ахборот тизимлари ва технологиялари департаменти катта маърузачиси Анжела Смирнова интерактив тарзда олиб борди. 

— Мазкур семинар давомида ўзгаришларни бошқариш, стратегик режалар тузиш, гибрид иш тарзи, янги ходимларнинг мослашув жараёнини самарали ташкил этиш ҳамда масофавий таълим афзалликлари ҳақида хорижий экспертлар билан фикр алмашдик, — дейди Агентлик етакчи инспектори Назокат Гапуржанова.  — Давлат хизматчиларининг кун давомидаги фаолиятини мониторинг қилиб борадиган desktime.com платформасининг самарасини Латвия давлат хизмати мисолида ўргандик.

Ўқув сўнггида Лойиҳа координаторлари билан учрашув ташкил этилиб, келгусида амалга ошириладиган ишлар юзасидан “йўл харитаси”си ишлаб чиқилди.