Делегация таркиби Латвия Халқаро муносабатлар институти директори Андрис Спрудс, Латвия Фанлар академияси ҳузуридаги Иқтисодиёт институти директори Нина Линде, Латвия Қишлоқ хўжалик ташкилотлари ҳамкорлиги кенгаши бошқарувининг аъзоси Гунтис Гутманис, маслаҳатчи Эгилс Хелманисдан иборат.
Рига аэропортида бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон элчиси Қадамбой Султонов Тошкентда бўлиб ўтадиган форумнинг латвиялик иштирокчиларига мазкур анжуман ва ундан кўзланган асосий мақсадларга доир қўшимча маълумотларни тақдим этди.
Латвия делегацияси аъзолари Марказий вав Жанубий Осиё макроминтақасида транспорт, логистика, инфратузилма, технологик ва гуманитар алоқадорликнинг истиқболларига бағишланган ушбу ўта муҳим конференция ишида қатнашишдан амалий наф кутишаётганини маълум қилдилар. Уларнинг қайд этишларича, бу нафақат Латвия учун, балки бутун Европа Иттифоқи учун муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистоннинг COVID-19 пандемияси давридаги мураккабликларни бартараф этиши асносида бундай кенг қамровли тадбирни ўтказиши моҳиятан мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон элчихонасидан маълум қилинишича, Латвия делегацияси аъзолари мамлакатимизнинг бир неча вазирлик ва идораларида қатор учрашувлар ўтказиши, савдо, инвестициялар, транспорт, “яшил” технологиялар, ахборот технологиялари, таълим, инновациялар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон – Латвия ҳамкорлигининг истиқболларини муҳокама этишлари ушбу ташриф дастуридан ўрин олган.