Унинг манбайи унча катта бўлмаган кристалл ёки газ тўлдирилган ампуладир. Магнит майдони таъсирида у тўқ қизил ёки зангори нур тарқатади.
Бу ҳодиса асримизнинг 60 — йилларида рус физик олимлари Басов ва Прохоров ҳамда америкалик аллома Майман томонидан кашф этилган. Бу кашфиёт учун улар Нобел мукофотига сазовор бўлдилар.
Маълум бўлишича, лазер нури ўта ноёб хусусиятларга эга экан. Унинг ёрдамида касалликларни даволаш, қийин эрийдиган металларни кесиш, олис масофаларга ахборот ва маълумотларни узатиб бериш мумкин.
Сиз, албатта, мусиқа ёзилган кумушранг дискаларни кўргансиз. Уларни жаранглатадиган куч ҳам лазер нуридир. Эстрада майдонларидаги нур ўйинлари ҳам лазер кўмагида яратилади.
Хўш, лазер нурининг сири нимада? Лазер тарқатадиган нур муайян ўлчовдаги тўлқин узунликларига эга. Табиатда соф ҳолда бундай нур учрамайди.
Лазер нури узлуксиз тўлқин узунликларига эга, у одатда қилдан ҳам ингичка ва тарам — тарам бўлиб тарқалади.