Аввалроқ, Хитойнинг «Leapmotor» товар белгили «C16» автотранспорт воситасида аниқланган номувофиқликлар сабабли, уларни сертификатлашга аризалар қабул қилиш юзага келган вазият бартараф қилингунига қадар вақтинча тўхтатилган эди.

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси матбуот хизмати ушбу ҳолат бўйича қўшимча маълумот берди. 

Хабарда айтилишича, мазкур масала юзасидан шу йилнинг 7 апрелида Гу Живен бошчилигидаги Zhejiang Leapmotor Technology Co. LTD компанияси “ЎзТест” ДМга ташриф буюрди.

Натижада, компания томонидан Leapmotor’нинг C16 русумли 2 та автомашинаси Ўзбекистонга импорт қилинди. Машиналар 14 апрель куни Пискент туманида жойлашган синов лабораториясида БМТнинг 10-сон қоидаларида белгиланган тартибда қайта синовлардан ўтказилди.

Ўтказилган такрорий синовлар якунида автомашина БМТнинг 10-сон қоида талабларига мувофиқ топилди. Leapmotor компаниясига шартли равишда мазкур товар белгили машиналарни республикада муомалага чиқарилишига рухсат берилди.

Шартлар қуйидагича:

  • Leapmotor автомашиналарининг номувофиқлиги аниқланганда уларни бартараф қилувчи ҳамда истеъмолчига етказилган зарарни қопловчи ишлаб чиқарувчининг расмий вакили – Ўзбекистонда резидент ҳисобланган юридик шахсни белгилаш;
  • Республикага импорт қилинаётган Leapmotor автомашиналарининг турини маъқуллаш учун зарур бўлган тегишли ҳужжатларни тақдим қилиш;
  • Leapmotor автомашиналари ишлаб чиқарилаётган корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнлари ва шартларини ўрганиш ва баҳолаш.