Бугунги кунда мамлакатимизда жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини таъминлаш, келгусида жамиятга ижтимоий мослаштириш учун ахлоқан тарбиялаш ва меҳнатга ўргатишнинг шаффоф ва янада самарали ҳуқуқий механизмларини жорий этиш, жиноят-ижроия қонунчилиги нормаларини унификация қилиш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам Жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш бўйича бир қатор вазифалар белгиланган эди. 

Хусусан, Жиноят-ижроия кодексининг 18-моддасига асосан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга бўлди.

Ҳозир жазони ижро этиш муассасаларига киришига рухсат этилган шахсларга ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмас ва ҳар бир маҳкумнинг сақлаш шароитлари қонун талаблари асосида таъминланмоқда.

Омбудсманнинг ваколатлари кенгайтирилди

Барча жазони ижро этиш муассасаларида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига, прокурорга мурожаатлари, ариза ва шикоятлари учун мўлжалланган алоҳида почта қутилари ўрнатилган. Қонунларга риоя этилиши прокуратура идоралари ҳамда омбудсман томонидан мониторинг қилиб борилмоқда.

Омбудсманнинг минтақавий вакиллари фаолиятини доимий асосда йўлга қўйиш учун 2022 йил 1 январдан Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча 14 та штат бирлиги ажратилди.

Вакиллик институти жорий этилди

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил лавозимлари жорий қилинди.

Агентликнинг ваколатлари белгиланди

Эндиликда қонун билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этилишини ўрганиш ва таҳлил қилиш учун жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш, ҳужжатлар билан танишиш ҳуқуқига эга бўлди.

“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар рўйхатига киритилди ва унинг шу соҳадаги ваколатлари белгиланди.

Манзил колониялар тугатилмоқда

Халқаро стандартлардан келиб чиқиб, манзил колониялари босқичма-босқич қисқартирилмоқда. Шунингдек, жазонинг ўталмаган муддатини енгилроғи билан алмаштириш ва жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш тўғрисидаги тақдимномаларни киритиш ваколати жазони ижро этиш органидан Инсонпарварлик комиссиясига ўтказилди.

Жазони ижро этиш департаменти ташкил этилди

Жазони ижро этиш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти этиб қайта ташкил қилиниб, унинг ҳуқуқий асослари ҳамда жазони ижро этиш тизимини рақамлаштириш орқали соҳада инсон омилини истисно этиш ва жазони ўташнинг тартиботини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Жазони ижро этиш департаменти бевосита ички ишлар вазирига бўйсунади ва вазирнинг зиммасига ички ишлар органларининг жиноий жазоларни ижро этиш тизимини ривожлантириш ва унда қатъий интизомни таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юкланди;

– ички ишлар органларининг барча тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасалари ҳудудий ички ишлар органларининг тузилмавий-функционал бўйсунувидан чиқарилиб, Жазони ижро этиш департаменти бўйсунувига ўтказилди;

– тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини самарали йўлга қўйиш ва уларда кунлик назоратни олиб бориш Жазони ижро этиш департаменти тизимида ташкил этиладиган 6 та минтақавий мувофиқлаштириш марказлари томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Очиқ ва ошкоралик тамойили амалда

Ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2020 йил 22 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазони ижро этиш фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Aввало, ушбу ҳужжат тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Жазони ижро этиш муассасалари мақсади жазолаш эмас, қайта тарбиялаш

Инсонни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш, унинг касбий кўникмасини шакллантириш тарбияда муҳим аҳамият касб этади. Яъни ҳалол меҳнати эвазига оила тебратган одам кейинчалик ҳам жиноят кўчасидан йироқ юришга интилади. Шу боис, бугунги кунда жазо муддатини ўтаётган шахсларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўргатиш, касбий маҳоратини ошириш, бўш вақтларини самарали ўтказиши ва ўз меҳнати билан оиласига ёрдам беришини таъминлаш мақсадида муассасаларда ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилган.

Президентимизнинг 2019 йил 29 январдаги “Озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ишлаб чиқариш қувватларини кенг миқёсда янгилаш ва модернизация қилиш, инновацион технологияларни жорий этиш орқали фаолиятни ривожлантириш, қўшимча иш ўринлари яратишга янада кенг йўл очиб берди.

Ўтган давр мобайнида ушбу ҳужжат талаблари асосида муассасалардаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти ривожлантирилди, рақобатбардош, ички ва ташқи бозорларда харидоргир бўлган юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштириш салоҳияти ошди.

Жазо муддатини ўтаётган айрим шахсларга илк маротаба сайлов ҳуқуқи берилди

Миллий қонунчилигимизни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида унга киритилган ўзгартиришлар хусусида узоқ сўз юритиш мумкин.

Хусусан, 2019 йилда ижтимоий ҳавфи катта бўлмаган, шунингдек унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этиб, жазо муддатини ўтаётган шахсларга илк маротаба сайлов ҳуқуқи берилди. Бу жазо муддатини ўтаётган шахслар ҳуқуқлари тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланганидан далолат.

Манзил колонияларда жазо муддатини ўтаётганларнинг пенсия олиш ҳуқуқлари қонун билан белгиланди

Хусусан, 2019 йил 28 августда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга асосан маҳкумларнинг иш ҳақидан ижтимоий суғурта ажратилмаслиги белгиланиб, пенсия таъминотига эга бўлиши таъминланди.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг мантиқий давоми бўлиб, ижтимоий адолат принципларига тўла мос келишини алоҳида таъкидлаш лозим.

Эндиликда манзил колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нафақат пенсия тайинлаш, балки озодликдан маҳрум қилингунга қадар тўхтатилган пенсия тўловини тиклаш ҳуқуқи ҳам тақдим этилди.

Жазо муддатини ўтаётган шахслар касб-ҳунарга ўқитилмоқда

2021 йилнинг ўтган 6 ойида улардан 250 нафари умумтаълим мактабларида, 480 нафари касб-ҳунар (тикувчилик, пайвандчилик, рассомлик, каштачилик, сартарошлик ва бошқа) марказларида ўқитилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг умумий ўрта ва касб-ҳунар таълими тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Халқ таълими вазирлигининг 6 та умумтаълим мактаби филиалида жазо муддатини ўтаётган шахслар таҳсил олмоқда. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги 4 та касб-ҳунар таълими маркази ҳам уларни ўқитишга ихтисослашган.

Зиёда ТЎРАБАЕВА,

Тошкент давлат юридик университети

“Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга қарши курашиш”

кафедраси катта ўқитувчиси