Таъкидланишича, Таълим инспекцияси телеграм ботига (@uztdi) айрим фуқаролар “Термиз шаҳридаги “UNIVERSITY AT-TERMIZIY” MCHJ томонидан берилган дипломлар Ўзбекистонда олий таълим муассасаси дипломи сифатида тан олинадими?” деб мурожаат қилган.

Инспекцияси юқорида номи келтирилган таълим ташкилотига Ўзбекистонда олий таълим хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини берувчи ҳеч қандай лицензияга эга эмаслигини маълум қилди. 

Яъни қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ, Таълим инспекциясидан олий таълим хизматлари кўрсатиш учун лицензия олмаган нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан берилган дипломлар тан олинмайди.

Лицензия олган нодавлат олий таълим ташкилотлари рўйхати ҳақидаги маълумотлар Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси веб-сайтига жойлаштирилган ва мунтазам янгиланиб борилади.

"Шуни ёдда тутиш муҳимки, тегишли лицензияга эга бўлмаган ёки белгиланган тартибда аккредитациядан ўтмаган таълим ташкилотлари томонидан берилган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатлар нафақат Ўзбекистон Республикасида балки бошқа давлатлар томонидан ҳам тан олинмайди.

Юқорида номи келтирилган муассасага олий таълим ташкилот сифатида лицензия олиб, фаолиятларини қонуний асосда юритишлари учун ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмас. 

Шунингдек, нодавлат олий таълим хизматларини кўрсатиш истагида бўлган тадбиркорлар қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли лицензияни олганларидан кейингина фуқароларимиз ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширишлари мақсадга мувофиқ," дейилади хабарда.