"Китобсевар миллат" шиори остида ўтказилаётган тадбирда соҳа мутахассислари, атоқли шоир ва ёзувчилар, ноширлар, китобхонлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

— Иккинчи бор ўтказилаётган ҳафталик барча ижодкорлар ва китобхонларга, соҳа мутахассисларига маъқул келади, деб ишонаман. Биз мазкур китоб байрами орқали ёшларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтиришда китобнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш,  ўзбек адабиёти намуналарини хорижий тилларга ҳамда жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича эришилган ютуқларни оммалаштиришни мақсад қилганмиз. — дейди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев. 

Мазкур ҳафталик доирасида юртимизда фаолият юритадиган нашриётлар томонидан чоп этилган янги маҳаллий ва хорижий китоблар тақдимоти, китобсеварлар учун турли акция ва викториналар, маҳорат дарслари, ёзувчи ва адиблар билан учрашувлар, давра суҳбатлари, саҳна кўринишлари, театр ва кино актёрлари, эстрада хонандаларининг чиқишлари бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги.