Мазкур жараён Осиё тараққиёт банки иштирокида «Локомотивларни сотиб олиш йўли билан локомотивлар паркини янгилаш» лойиҳаси доирасида амалга ошириляпти.

Ҳаммаси бўлиб мамлакатимизга 30та замонавий электровозлар ва улар учун керакли бўлган эҳтиёт қисмларни олиб келиш режалаштирилган. Янги олиб келинаётган локомотивлар йўловчилар ва юкларни ташиш учун мўлжалланган бўлиб, шу жумладан мураккаб тоғли ҳудудларда оғир юкларни ташиш қувватига ҳам эга. Электровозлар экологик хавфсизлик жиҳатидан халқаро талабларга жавоб беради ва асинхрон тортиш электр двигателлари билан жиҳозланган. Локомотивларда қўлланиладиган замонавий технологиялар электр энергиясини тежаш билан бирга ёқилғи сарфини камайтириш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорлик дастури доирасида «Локомотив паркини янгилаш» лойиҳасини амалга ошириш маъқулланди. 2019 йил 30 августда ОТБ билан лойиҳа учун 170 миллион доллар миқдорида кредит шартномаси имзоланди.

Шу кунларда лойиҳада белгиланган электровозларнинг биринчи партияси, яъни 3та юк ва 1та юк-йўловчи локомотиви ҳамда уларнинг эҳтиёт қисмлари олиб келинди. Жорий йил 9 декабрда уларнинг бири (икки секцияли юк локомотиви)да тегишли созлаш ишлари якунлангач, синов ишлари бошланди. Яқин кунларда янги электровозларнинг 2-партиясида яна 5 дона (3 юк ва 2 юк-йўловчи) электровозларини олиб келиш режалаштирилган. 2020 йил охирига қадар электровозларнинг 3-партиясини, яъни 3 та юк электровозларни олиб келиш режалаштирилган. 2021 йилда эса, шартнома белгиланган қолган 13та юк ва 5та юк-йўловчи электровозлар олиб келинади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг локомотив паркида мавжуд бўлган локомотивларнинг 50 фоиздан ортиғи янгиланган, деб хабар беради «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати.