Шундай инсонлардан бири Фарғона вилояти Учкўприк тумани “Чорбоғ” МФЙдаги оилавий поликлиника ҳамшираси Лолахон Юсуповадир. У 33 йиллик фаолияти давомида минглаб одамларнинг дардини аритишга ҳисса қўшди.

Ҳамширалик жуда мураккаб иш. Айниқса, беморнинг жонини оғритмай укол қилиш, томирни биринчи уринишдаёқ топиш катта маҳорат талаб қилади. Лолахонни таниган-билганлар унда шундай уқув борлигини эътироф этади.

Ҳамширанинг яна бир мақтагулик жиҳати — иш вақти тугагандан кейин ҳам оғринмай беморларга хизмат кўрсатади. Баъзан беморларнинг уйига боради. Айрим дарди енгил хасталар Лолахоннинг уйига бориб, укол олади. Мана шу хислатлари туфайли ҳудудда ҳамширанинг ҳурмати жойида. Ёшу қари иззатига етади.

Лолахоннинг изидан келаётган шогирдлари ҳам устозига муносиб бўлиб, эл хизматига яраяпти. Халқимиз саломатлиги йўлида белини маҳкам боғлаб, астойдил ишлаяпти.

Тилагим шуки, юртимизда Лолахонга ўхшаган касбига содиқ, фидойи инсонлар кўпайсин, хизматидан барака топсин! Ризқи мўл бўлиб, фарзандларининг роҳатини кўрсин!

Одилжон ота СУЛАЙМОНОВ,

меҳнат фахрийси, пенсионер

Учкўприк тумани “Пучуғой” МФЙ

Жалойир қишлоғи 65-уй