Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва Глобал экологик фонд (ГЭФ)нинг “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойлари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси доирасида ва Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази кўмагида ташкил этилган танловга 70 дан ортиқ журналистик иши тақдим этилди.
Танловнинг мақсади аҳоли эътиборини турар-жой секторида энергия самарадорлигини ошириш долзарблигига қаратиш ҳамда жамиятда энергия истеъмоли ва энергия тежашни бошқаришда аёллар ролини ошириш, шунингдек, медиаларни атроф-муҳитни асраш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва қайта тикланадиган манбалардан фойдаланишни кенгайтиришга қизиқишини кенгайтиришдан иборат.
Маросимда энергия самарадор уй-жойлар қуришнинг афзалликлари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш, энергияни истеъмол қилиш ва тежашда жамият фаоллигини оширишда журналистларнинг алоҳида ўрни таъкидланди.
Шундай қилиб, “Энг яхши журналистик материал” номинациясида наманганлик Райҳон Муҳаммадалиева ғолиб деб топилган бўлса, иккинчи ўринни навоийлик Дилфуза Гулямова, учинчи ўринни қорақалпоғистонлик Зоя Ерекеевага эгаллади. “Блоглар ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган энг яхши материал” номинациясида эса тошкентлик Авазхон Ҳайдаров ва Сарвар Қурбанов ғолиб бўлди.
БМТТД/ГЭФ ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг “Ўзбекистонда энергия тежамкор қишлоқ уй-жойлари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси олти йилдан буён амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг муҳим ютуғи 24 турдаги энергия тежамкор уй-жойлар лойиҳалари ишлаб чиқилиши бўлди. Бу эса республика бўйлаб энергия тежамкор ва кам углеродли уй-жойларнинг оммавий қурилишига туртки берди.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида 1358 та энергия тежамкор ва кам углеродли хонадонлар қуриш учун молиявий ёрдам кўрсатилди.