Аҳоли турмуш шароитини яхшилашда уларнинг иш билан таъминланганлиги муҳим аҳамият касб этади. Кейинги вақтларда тадбиркорлик субъектларига берилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар уларнинг фаолиятини кенгайтириш, шу орқали янгидан янги иш ўринларини яратишлари бу борадаги ислоҳотларнинг амалий натижаси бўлмоқда.
Каттақурғон шаҳридаги “Дўстлик” маҳалласида жойлашган “Каттақўрғон сут агрофирмаси” оилавий корхонаси ҳам бу имкониятлардан фойдаланган ҳолда фаолиятини кенгайтириш, экспортни йўлга қўйиш мақсадида бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Бу ерга ташриф буюрган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова корхонадаги мавжуд шарт-шароитлар ва белгиланган истиқболли лойиҳа ва келтирилган техник воситалар билан танишди.
Ушбу оилавий корхона келгусида умумий қиймати 12,1 миллиард сўм бўлган (шундан 1.0 млн. доллар хорижий банк кредити) “Сутни чуқур қайта ишлаш” лойиҳасини йўлга қўйиш орқали 18 турдаги сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ҳамда қуюлтирилган ва қуруқ сут маҳсулоти экспортини йўлга қўйишни режалаштирган. Муҳими, лойиҳанинг тўлиқ ишга туширилиши натижасида 200 га яқин доимий иш ўринлари яратилиши назарда тутилган.
-Албатта биз келгусида фаолиятимизни кенгайтириш билан бирга, энг муҳими шаҳримиздаги фуқароларни иш билан банд бўлишларини таъминлашимиз, шу орқали ишсиз бўлган инсонларни иқтисодий аҳволларини яхшилашга ҳисса қўшишимиздан мамнунмиз,- дейди корхона раҳбари.
Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати