Азалдан музейларга ўтмиш ва келажакни боғловчи кўприк сифатида қаралган. Термиз шаҳридаги Археология музейи ташкил этилганига 20 йил тўлди. Шу муддатда у Марказий Осиёдаги энг йирик археология музейи ва ўзига хос маънавият марказларидан бири сифатида танилди. Музей фонди анча бойиган, яъни 110 мингга яқин экспонатни ўзида жамлаган.
Франциянинг машҳур Лувр музейи эса дунёнинг энг йирик ҳамда бой тарихга эга музейлари сирасига киради. Музейдан жаҳон тарихи, маданияти, санъатининг энг нодир дурдоналари ўрин олган. Сайёҳлар оқими бўйича ҳам энг кўп турист ташриф буюрадиган манзиллардан. Шунингдек, бу музейда турли минтақа ва цивилизацияларга оид кўргазмалар, маданият кунлари, ноёб экспонатлар намойишлари ташкил этилади.
Эътиборлиси, шу йилнинг 23 ноябрь куни Франциядаги Лувр музейида илк бор Ўзбекистоннинг бой меросига бағишланган кўргазма очилади. “Ўзбекистон воҳаларининг хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” деб номланувчи кўргазмада Ўзбекистон ҳудудидан ўтган Буюк ипак йўли ва у бўйлаб қад ростлаган цивилизациялар ҳақида ҳикоя қилинади. Намойишга қўйиладиган экспонатлар даврийлиги эса қарийб икки минг йиллик даврни қамраб олади.
Хусусан, Ўзбекистоннинг 16 та музейидан 138 дона осори атиқа, шунингдек, дунёнинг етакчи музейларида сақланаётган ва Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудидан топилган 31 та тарихий ашё ҳам намойиш этилади. Термиз археология музейидан саккиз дона ноёб экспонат кўргазмага қўйилади. Биринчиси Будда ҳайкали бўлиб, эрамизнинг I-II асрларига оид бу экспонатни ўтган асрнинг 30-йиллари охирида Термиз туманидаги Фаёзтепа ёдгорлигидан таниқли археолог М.Е.Массон бошчилигидаги экспедиция топган.
Иккинчи экспонат — милодий II-III асрларга тегишли бинонинг меъморий безаги оқ гипс тошдан ўйиб ишланган. Термиз тумани Айритом ёдгорлигидан топилган бу экспонатда юриб кетаётган фил тасвирланган. Унинг устида бўртма ҳолатда ишланган ёпинчиқ бўлиб, олд икки оёғи тўлиқ кўрсатилган, орқа қисмида эса бир оёғи сақланган. Экспонатнинг олд қисмида бўртма шаклдаги нилуфар гули тасвири кўзга ташланади. Ашёнинг ён қисмида яна бир филнинг фақат боши ва олдинги битта оёғи тасвирланган.
Милоднинг бошларига оид кўпгина ёдгорликларда фил тасвирли пештоқлар ҳамда ҳайкалчалар, нилуфар гули сурати туширилган ноёб ашёлар учрайди. Бу ҳам ўз даврида Жануби-шарқий Осиё давлатлари билан муштарак маданий алоқалар ўрнатилганини исботлайди. Лувр музейидан жой олиши кутилаётган ашёлардан яна бири — Эски Термиз ҳудудидаги Чингизтепа ёдгорлигидан топилган, икки киши тасвири туширилган барельеф.
Милодий II-III асрларга тегишли бу экспонатнинг тўртбурчак шаклдаги юза қисмида дастлаб эркак киши тасвири ишланган. Иккинчиси ўнг қўлида гул кўтарган аёл бўлиб, қулоғига катта сирға тақилган. Нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам милоднинг V-VII асрига оид машҳур Болаликтепа деворий суратлари ҳақида яхши билишади. Мактаб дарсликларида ҳам ўқувчиларга бу мавзуда маълумот берилган. Болаликтепа маҳаллий катта ер эгасининг кўшки — қароргоҳи вазифасини бажарган.
Мазкур кўшкнинг марказий хоналаридан бири деворида базм маросими акс этган деворий суратларни кўриш мумкин. Тасвирларда 40 дан ортиқ одам қиёфаси ўша даврнинг моҳир рассомларидан бири томонидан нозик ифодалар билан чизилган. Суратнинг юза қисмида реставрация ва консервация ишлари олиб борилган. Термиз археология музейида намойишга қўйилган экспонатлар орасида аёлларнинг турли даврларга оид тақинчоқлари, билагузуклар, сурмадонлар, мунчоқлар, ойналар салмоқли ўрин эгаллайди.
Мазкур музейда турфа тарихий даврларни ўз ичига олган 9 та зал мавжуд бўлиб, иккинчи залда Сурхон воҳаси ҳудудидан топилган тош ва бронза даврига оид ноёб топилмалар қўйилган. Луврда кўргазмага қўйилиши кутилаётган экспонатлар орасида милоддан аввалги III ва милодий I асрларга оид аёллар шода мунчоғи ҳамда бронза ойна ҳам бор. Термиз археология музейи экспонатлари орасида яна иккита экспонат Франция музейига қўйилиши учун танлаб олинган. Улар X-XII асрларга доир экспонатлардир.
Бу экспонатларда ўзига хос тарзда безак бериш санъати ифодаланган, исломий безакдорлик намунаси қўлланган. Луврда Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларидан топилган, қарийб 5 минг йиллик вақт давомидаги даврларни ўзида ифода этувчи ноёб экспонатлар намойиши келгуси йилнинг баҳорига қадар давом этади. Бу экспонатлар орқали Ўзбекистоннинг шонли, буюк тарихи дунёга қайта юз очиб, сайёҳлар оқими янада ортишида давом этаверади.