Унда Сенат Кенгашининг 2021 йил 22 апрелдаги қарори билан тасдиқланган «Туман (шаҳар) бюджетлари маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтириш тартиби тўғрисида намунавий низоми» ва 2021 йил 3 майдаги КҚ-224-IV-сонли қарори билан тасдиқланган «Минтақавий йўлларни ривожлантириш учун ёқилғи бирлигидан ундириладиган махсус йиғимни белгилаш, уни тўлаш ва ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги намунавий низоми»ни амалиётда қўллаш юзасидан фикр алмашилди. Амалиётда юзага келаётган муаммолар, уларни ечими кенг муҳокама қилинди.
Хусусан, жорий йилдан бошлаб ҳар бир ҳудудда биттадан туман ёки шаҳарда тегишли туман (шаҳар)лар бюджетлари тасдиқланган умумий харажатларнинг 5 фоизи йўналтирилиб, 2022 йилдан бошлаб эса ушбу тартиб барча туман ва шаҳарларга татбиқ этилиши белгиланган.
Шунингдек, жорий йил июль ойидан бошлаб туман (шаҳар) бюджетлари қўшимча маблағларининг камида 30 фоизини жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш бўйича янги тартиб жорий этилган.
Маблағларни жамлаш ва сарфланишини назорат қилиш учун барча туман ва шаҳарлар ҳокимликлари қошида «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси» ташкил этилган.
Ушбу мақсадларда жорий йилда танлаб олинган 14 та туман (шаҳар)лар бюджетларига республика бюджетидан қўшимча равишда 92 миллиард 700 миллион сўм маблағ ажратилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, Президентнинг 2021 йил 22 сентябрдаги қарори билан фуқаролар томонидан келиб тушган таклифларни молиялаштириш учун «Фуқаролар ташаббуси жамғармаси»да 1 миллиард сўмдан кам маблағ шаклланган 120 та туман ва шаҳар учун қўшимча 57 миллиард 900 миллион сўм, «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали келиб тушган таклифлар сони 100 тадан ошган 119 та туман ва шаҳарнинг ҳар бирига қўшимча 500 миллион сўмдан жами 59 миллиард 500 миллион сўм, ҳаммаси бўлиб 117 миллиард 400 миллион сўм маблағ республика бюджетидан қўшимча ажратилган.
Янги механизм асосида «Очиқ бюджет» ахборот портали такомиллаштирилиб, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб республикамизда барча туман ва шаҳарларида жамоатчилик фикри асосида шакллантириш амалиёти бошланган. Бунинг натижасида жорий йилнинг 3-чорагида фуқаролардан жами 41 125 та таклиф келиб тушган.
Уларнинг 13 853 таси (жами таклифларнинг 34 фоизи) фуқароларни энг кўп қийнаб келаётган ички йўлларни таъмирлаш ва тартибга келтириш муаммоларини ташкил этган. Шунингдек, жойларда умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва жиҳозлаш билан боғлиқ масалалар – 6 798 та (17 фоиз), кўчаларни ёритиш тизими билан боғлиқ масалалар – 5 649 та (14 фоиз), ичимлик суви таъминотини яхшилаш – 4 424 та (11 фоиз) ва бошқа таклифлар билдирилган.
Фуқароларни бюджет жараёнида айрим ҳудудларда жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирлар учун маблағларни йўналтириш ва сарфланишида камчиликлар кузатилмоқда. Жумладан, жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирлар учун маблағларни йўналтириш ва сарфланишида камчиликларга йўл қўйилган. Ташаббусли бюджет жараёнида барча талабларга мос равишда фуқаролар томонидан билдирилиб энг кўп овоз тўплаган ҳолда «ғолиб» деб топилган таклифларни тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тўлиқ молиялаштирмаслик ҳолатлари мавжудлиги айтиб ўтилди.
Семинарда шунингдек, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларида лойиҳалаш, йўл-қурилиш, таъмирлаш ва эксплуатация ишларини молиялаштириш учун йўналтириладиган маблағларни тўплаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бош молия бошқармалари ҳузурида автомобиль йўлларини ривожлантириш ҳудудий мақсадли жамғармалари ташкил этилганлиги тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.
Мазкур семинарда юқорида кўрсатилган намунавий низомларни амалиётга жорий қилиш юзасидан тушунтиришлар ва савол-жавоблардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туман ва шаҳар ҳокимликларига тегишли тавсиялар берилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.