Тан олиш керакки, сўнгги йилларда маданият соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар салмоқли. Жумладан, сўнгги 9 йил давомида маданият ва санъат соҳасига оид Ўзбекистон Республикасининг 4 та қонуни, Президентнинг 35 та фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 98 та қарор ва фармойишлари қабул қилинди. Шунингдек, 15 апрель — Маданият ва санъат ходимлари куни этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари
Муроджон Мажидов тадбир давомида соҳада амалга оширилган янгиланиш ва
ўзгаришларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Хусусан, ўтган давр мобайнида 2 та янги замонавий
театр, 19 та маданият маркази, 20 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 8 та
ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ҳамда 5 та олий таълим муассасаси
ташкил этилди. Агар 2017 йилга қадар республикада театрлар сони 37 та бўлган
бўлса, ҳозирги кунда улар сони 41 тага етди. 2015–2016 йилларда 3 та театр
реконструкция қилинган бўлса, 2016–2025 йиллар давомида 11 та театр мукаммал
таъмирланиб, қайта жиҳозланди.
Маданият ва санъат соҳаси ходимларини
қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2025 йилнинг
ўзида маданият муассасалари ходимларининг иш ҳақи 1 январдан 20 фоизга, 1
июлдан яна 15 фоизга оширилди. Шунингдек, болалар мусиқа ва санъат мактаблари
директорлари, уларнинг ўринбосарлари, ўқитувчи ва концертмейстерлар маошлари
ҳам 10 фоизга кўтарилди.
Соҳани молиялаштириш ҳажми ҳам кескин ошди: агар 2017
йилда маданият ва санъатга 122,8 млрд сўм ажратилган бўлса, 2026 йилга келиб бу
кўрсаткич 1,2 трлн сўмдан ортиқни ташкил этди.
Халқаро ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилди. Сўнгги
5 йилда Ўзбекистоннинг 29 та хорижий давлатда маданият кунлари ўтказилди,
шунингдек, 12 га яқин хорижий давлатнинг маданият кунлари мамлакатимизда ташкил
этилди.
Биргина 2025 йилнинг ўзида 10 та давлатда “Ўзбекистон
маданияти кунлари” ўтказилди. 2017–2025
йиллар давомида вазирлик тасарруфидаги 51 та концерт-томоша муассасаси
томонидан 61 892 та оммавий тадбир ташкил этилиб, уларда 64 млн 800 минг нафар
аҳоли иштирок этди. Ижодий жамоалар томонидан 534 та маҳаллий ва 154 та
хорижий гастроль сафарлари амалга оширилди.
— Биз
ижтимоий тармоқлардаги фикрларни кузатиб борамиз ва жамоатчиликнинг аксарияти
бу ҳолатларга қарши эканини кўрамиз. Бугун жамият эркинлашяпти, чекловлар анча
камайган. Илгари бу масала қатъий назорат қилинган. Ҳозир эса “демократия”
тушунчаси турлича талқин қилинмоқда. Менимча, бу масала вақт ўтиши билан
тартибга тушади, буни вақтинчалик ҳолат деб ҳисоблайман, — деди, Ўзбекистон
Республикаси маданият вазири ўринбосари
Муроджон
Мажидов.
Шу билан бирга, давлат театрлари томонидан гастроль
фаолияти ҳам кенгайди: 2017 йилда 15 та маҳаллий ва 7 та хорижий гастроль
амалга оширилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 362 та маҳаллий ва 92 та
хорижий гастролга етди. Истеъдодли
ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам ишлар кучайтирилди. Агар 2017 йилга қадар
10 та танлов ўтказилган бўлса, 2025 йилга келиб улар сони 22 тага етди. Ушбу
танловларда 1600 га яқин ёш иштирок этиб, 456 нафари ғолиб ва совриндор бўлди. Халқаро
майдонда ҳам 215 нафар ёш ижодкор АҚШ, Италия, Франция, Германия, Чехия ва
бошқа давлатлардаги танловларда иштирок этиб, юқори натижаларга эришди. Бугунги
кунда 2 600 нафар ёш ижодкор захирага киритилган.
— Бугунги
кунда соҳага ҳаваскор актёрларнинг кўпайиб кетиши профессионал актёрлар
обрўсига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бунинг асосий сабаби, режиссёрларнинг
мутахассис бўлмаган шахсларни жалб этаётганидир. Шунингдек, хусусий
телеканаллар ва экран маданиятини тартибга солиш механизмлари ҳали тўлиқ
шаклланмаган. Бу борада чуқур журналистик суриштирувлар зарур, — деди Муроджон
Мажидов.
— Агар бу
борада қонуний жавобгарлик чоралари белгиланса, биз буни қўллаб-қувватлаймиз.
Чунки бу муаммо биз учун ҳам бегона эмас. Аммо шуни таъкидлаш керакки, бизга
бевосита боғлиқ бўлмаган ҳолатларда ҳам Маданият вазирлигини айблаш одатга
айланиб қолган. Масалан,
сериаллар хусусий продакшнлар томонидан тайёрланиб, хусусий телеканалларда
эфирга узатилади. Бундай ҳолатлар учун масъулиятни ўша сектор вакиллари олиши
керак, — деди Маданият вазирлиги матбуот хизмати раҳбари — вазирнинг ахборот
сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Сирожиддин Ўсаров.
Анжуман доирасида Ўзбекистонда илк бор сунъий
интеллект асосида яратилган “Арда” ҳужжатли фильмининг тизери ҳам намойиш
этилди. Мазкур фильм Хива тарихи ва цивилизациясини акс эттирган бўлиб, 2 ой
давомида 15 га яқин ижодий жамоа иштирокида тайёрланган.
Шунингдек, ҳозирда Ўзбекистон тарихи ва Амир Темур
шахсига бағишланган қисқа метражли фильмлар устида иш олиб борилмоқда. Лойиҳа
Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти мутахассислари билан ҳамкорликда
амалга оширилмоқда.
Маданият
соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тизимда сезиларли ўсиш
кузатилмоқда. Бироқ, айрим нопрофессионал ижрочилар ва савиясиз маҳсулотлар
сабабли бутун соҳанинг нуфузига путур етказилиши хавфи мавжуд. Шунинг учун маданиятга юзаки эмас, балки унинг ортида турган меҳнат, илм
ва ижодни англаган ҳолда ёндашиш муҳим. “Арда” каби замонавий лойиҳалар ва
тизимли ислоҳотлар эса миллий санъатимизни янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Зулхумор Акбарова
Мадина Ботиржонова