Илк бор ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқлар қаторида янги таҳрирдаги Конституциямизда маданий ҳуқуқлар мажмуи ҳам белгиланди. Унинг таркиби маданият ва санъатга оид таълим, ижодий қобилиятни рўёбга чиқариш, инсоннинг ижодий кашфиётларини рағбатлантириш ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлашдан иборат. Шу жиҳатдан Конституциямизда белгиланаётган маданий ҳуқуқларни идрок этиш, бу борадаги бурч ва масъулиятни англай билишимиз ниҳоятда зарур. 

Маданий ҳуқуқларни таъминлаш учун маданият ва санъат соҳаси бўйича таълимни йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. У миллий маданий мерос ва мусиқа санъати манбалари, назарияси ҳамда методикасини ўзлаштириш, шахснинг ижодий лаёқатини ривожлантириш асосларини қамраб олади. Бу борада мамлакатимиздаги ўрта махсус ва олий таълим муассасалари фаолиятида ўзига хос тажриба мавжуд бўлиб, билим олувчиларнинг маданий ва санъатга оид таълимий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш орқали амалга оширилмоқда.

Шу жиҳатдан шахснинг маданият ва санъат бўйича ўқиши тўлиқ таъминланяпти. Бу борада мусиқа маданияти бўйича касбий етук ўқитувчилар ҳамда профессионал мусиқа санъати мутахассислари тайёрланаётгани ҳам долзарб масала. Буларнинг барчаси мамлакатимизда шахснинг маданият ва санъат бўйича билим олиш ҳуқуқини халқаро ҳуқуқ талаблари асосида рўёбга чиқариш имконини бермоқда. Конституциямизда шахснинг маданият ва санъатга оид ижодий лаёқатини ривожлантириш ва рўёбга чиқариш маданий ҳуқуқлар мажмуининг муҳим таркибий қисмларидан бири сифатида белгиланмоқда.

Таълим олувчилар ва катта ёшдагилар маданият ҳамда санъат бўйича табиий лаёқатини ривожлантиришга эҳтиёж сезяпти. Шу сабабли мазкур конституциявий ҳуқуқни таъминлаш учун мамлакатимизда маданият ташкилотлари, амалий тўгараклар ва индивидуал студиялар фаолият юритмоқда. Бу муассасалар театр, санъат, кино ва ижодкорлик йўналишларида фаолият юритиши билан юртдошларимизнинг маданий-ижодий қобилиятини ривожлантирувчи муҳим омиллар сифатида намоён бўлаётир.

Бундан ташқари, фуқароларнинг ижодий лаёқатини ривожлантиришда республика ҳамда халқаро миқёсда ўтказилаётган танловлар, конкурс ва фестиваллардаги иштироки амалий натижа бермоқда. Бу борада, айниқса, иқтидорли ва қобилиятли ёшлар салоҳиятини мақсадли оширишга йўналтирилган тадбирлар кишини мамнун этади. Ўз навбатида, қобилиятли, истеъдодли ёшлар намунали ижодий фаолияти билан мамлакатимизнинг маданий ривожига муносиб ҳисса қўшаётир.

Бу ўринда маданият ва санъат бўйича педагоглар, мутахассислар, илмий ходимлар ҳамда амалий фаолиятдаги санъаткорларнинг ҳиссаси юқори бўлаётганини эслаб ўтиш жоиз. Маданий ҳуқуқлар мажмуи доирасида инсоннинг ижодий ишланмаларини давлат томонидан рағбатлантириш муҳим омиллардан. Бу жараёнда ижод намуналарини оммалаштириш, рағбатлантириш, истеъдодли ёшларнинг инновацион-ижодий ишланмаларини маҳаллий ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш талаб этилади.

Бу борада амалга оширилаётган ишларимизни янги босқичга кўтариш, Янги Ўзбекистон тараққиёти эҳтиёжларига мос равишда ривожлантириб бориш ва ўз ижодий лаёқатларини халқаро миқёсда намоён қилиш учун ёшларга муносиб шароит яратиб бериш ҳам муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади. Бундай ёндашув Конституциямизнинг янги таҳририда белгиланган маданий ҳуқуқлар ва имкониятлардан оқилона фойдаланиш, бу борадаги бурч ва масъулиятни ижро этиш долзарблигини кўрсатади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган маданий ҳуқуқлар маданият ва санъат соҳасидаги йўналишларни янада кучайтиришни тақозо этади. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг ташаббусига биноан ҳар бир мактаб ўқувчисининг камида икки хил чолғуда куй ижро эта олиш кўникмасини шакллантириш, мусиқа маданияти ўқитувчисининг эса камида уч хил мусиқа чолғусини чала билиш малакасини таркиб топтириш борасидаги ишларни охирига етказиш лозим.

Шунингдек, соҳага ихтисослаштирилган таълим муассасаларида мусиқа санъати ижрочилигини ривожлантиришнинг янги методикаси ва воситаларини ишлаб чиқиш соҳадаги долзарб масала бўлиб қолмоқда. Чунки мусиқа санъати ёки маданий кўникмалар умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларининг эстетик маданиятини инновацион жамият талабларига мос равишда шакллантиришда муҳим омилдир. Шу сабабли Конституциямизнинг янги таҳририда белгиланган маданий ҳуқуқларни рўёбга чиқариш учун шундай тадбирларни амалга ошириш шарт.

Бош қонунимизда асосий ҳуқуқлар, бурч ва вазифалар аниқлаб берилган. Улардан фойланиш учун амалий тадбирлар мажмуига асосланиш зарур. Шу жиҳатдан Конституциямизнинг янги таҳририда белгиланган маданий ҳуқуқлар тушунчасини нафақат эркинлик, балки уларни рўёбга чиқариш учун бурч ва масъулият сифатида қабул қилиш ҳам лозим. Маданият ва санъат соҳаси вакиллари “маданий ҳуқуқ”, “маданий манфаат”, “маданий бурч” ва “маданий масъулият” тушунчаларининг маъномазмунини тўғри идрок этиши ҳамда фаолиятида уларни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқ.

Мустақиллик йилларида халқимиз ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқлар мажмуини идрок этиб, уларни рўёбга чиқариш учун муайян тажрибага эга бўлди. Фикримизча, энди навбат маданий ҳуқуқлар, манфаатлар, бурч ва масъулиятни англаб, уларни рўёбга чиқаришдан иборат. Бунинг учун энг муҳим икки таянчимиз бор: биринчиси, маданият ва санъат бўйича улкан мерос ҳамда уларни яратувчилар фаолияти; иккинчиси, маданият ва санъат соҳаси бўйича профессионал таълим тажрибаси, етакчи санъаткорлар фаолияти ҳамда мавжуд замонавий таълим шарт-шароитларининг юқори даражада таъминлангани.

Бу таянч омиллар Янги Ўзбекистон Конституциясида белгиланган маданий ҳуқуқларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқаришнинг муҳим асосларидандир. Маданий ҳуқуқларнинг яқин келажакда амалга ошиши тўғрисида сўз борганда бир неча йўналишларда амалий фаолиятни кучайтириш лозим. Бундай йўналишларнинг энг муҳимлари сифатида чолғу ва оркестр ижрочилиги, хонандалик, опера, балетни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда бу борада иқтидорли ёшларга шароит яратиб бериш, кино санъатини миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида ривожлантириш, театр санъатини анъанавийлик ва замонавийлик тажрибаси асосида юксалтириш, рассомлик ҳамда барча тасвирий санъат йўналишларини тараққий эттириш дастурларини қабул қилиш мақсадга мувофиқ.

Қолаверса, маданият ва санъат соҳасининг барча тури ҳамда йўналишларида таълим жараёнини кучайтириш, иқтидорли ёшларнинг ижод намуналарини жаҳон миқёсига олиб чиқиш, жумладан, мусиқа санъати бўйича касбий етук педагог кадрлар, таълим муассасалари учун профессионал мусиқа санъати мутахассисларини тайёрлаш долзарб бўлиб турганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Янги Ўзбекистон Конституцияси мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришнинг таянч концепцияси сифатида қабул қилиниши керак. Шу сабабли Бош қонунимизни такомиллаштириш бўйича ўтказиладиган референдумда маданият ва санъат соҳаси вакиллари фаол иштирок этиб, халқимиз ва жамиятимиз учун фидойилик намунасини кўрсатиши жуда муҳим.