Қарорга кўра, қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланган:

– моддий маданий мерос, шу жумладан, археология мероси объектлари, музей ашёлари ва коллекциялари ҳамда маданий бойликларни уларнинг тарихий-маданий қиммати ва ноёблигини сақлаган ҳолда консервациялаш, тузатиш, таъмирлаш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш, шунингдек, улар билан боғлиқ илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

– моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари кадастр ҳужжатлари ва унинг қўриқланадиган тегралари лойиҳаларини, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар, шу жумладан, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларни бошқариш режалари ва меросга бўлган таъсирини баҳолаш ҳисоботларини ишлаб чиқиш;

– моддий маданий мерос объектларини асрашга доир ишлар учун уларнинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган янги усул, материал ва технологияларни ишлаб чиқиш, бу борадаги хорижий илғор тажрибаларни чуқур ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш, ёдгорликларни музейлаштириш, музейлар экспозицияларини яратиш;

– маданий меросни, шу жумладан, номоддий маданий меросни ва алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларни илмий ўрганиш, ҳужжатлаштиришда иштирок этиш, шунингдек, уларни муҳофаза қилиш, оммалаштириш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича илмий-методик тавсиялар ишлаб чиқиш, соҳага инновацион технологияларни кенг жорий этиш.

 Институт директори Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Институт Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Ўзгариш кўчаси, 18-уй манзилида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.