Олимлар Ўзбекистон раҳбарининг мамлакатимизда, жумладан, илм-фан ва маданият соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ва туб ислоҳотларга қаратилган позициясини қўллаб-қувватлашини таъкидладилар.

Конгрес иштирокчилари таъкидлашича, Ўзбекистонда учинчи Ренессанс учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган миллий ғоя, аввало, пухта ўйланган маданий сиёсатга асосланган. Aйнан маданият мамлакатнинг тикланишига, жамият маънавиятининг юксалишига, халқ, айниқса, ёш авлодда ватанпарварликни тарбиялашга асос бўлади. Ўзбекистонда миллий маданият соҳасидаги тизимли ислоҳотлар туфайли қадимий ёдгорликларни кенг миқёсда тиклаш ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, маънавий-маърифий ишлар янги босқичга кўтарилмоқда, халқ ижодиётини қўллаб-қувватлаш, номоддий меросни сақлаб қолиш ишлари давлат даражасида амалга оширилмоқда.

Олимлар, шунингдек, Жамият ишининг натижалари билан таништиришди.

Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова (Россия) мамлакатда илм-фан ва маданият муассасалари иши давлатнинг ғамхўрлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сиёсий иродаси билан мустаҳкамланганидан мамнунлигини билдирди.

«Сўнгги йилларда Жамият томонидан юзлаб нашриёт, тадқиқот, медиа ва илм-маърифатга оид, жумладан, "Ўзбекистон маданий мероси" элликта расмли туркум китоб-альбомларини нашр этиш бўйича кенг лойиҳалар амалга оширилди. Давлат кўмаги билан бу жилдлар ҳар бири ўн минг нусхада нашр этилиб, Ўзбекистоннинг илмий ва ўқув муассасаларига, шунингдек, умумтаълим мактабларига бепул тарқатилади. Жаҳон музейларида Ўзбекистоннинг маданий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу туркумдаги ишлар, ҳужжатли ва бадиий филмларни чиқариш, илмий форумлар ўтказиш, маданий мерос ёдгорликларини ўрганиш билан боғлиқ бошқа соҳалардаги лойиҳаларни амалга ошириш давом этмоқда", дейилади мурожаатда.

«Биз, дунёнинг турли мамлакатлари – Европа, Осиё ва Aмерикадан келган мутахассислар, сизнинг бу соҳадаги ноёб ташаббусларингизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Ўзбекистоннинг маданий меросини ўрганиш соҳасида иш олиб борар эканмиз, ҳар биримиз Ўзбекистон ҳудудида бронза давридан бошлаб, қадим замонлардан буён ривожланиб келган энг бой маданиятнинг қадр-қимматига ишонамиз. Бу мамлакатнинг энг бой маънавий ва моддий мероси жаҳон цивилизацияси учун абадий қадриятдир ”, дея таъкидлади Темурийлар санъати ва тарихини ўрганиш уюшмаси (Франция) президенти ва асосчиси Фредерик Баупертуис-Брессанд.

Конгресс иштирокчилари, Бутунжаҳон жамияти аъзолари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон маданий меросини асраб-авайлаш борасидаги ташаббус ва ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.