Бугун Республика Маънавият ва маърифат маркази, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, “Ватанпарвар” ташкилоти, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан пойтахтимизда “Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!” шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Нодир Холбўтаев, Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва Давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти раҳбари Собир Шукуров, кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этди.

Байрам тадбирида сўзга чиққан Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон композиторлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Рустам Мусурмон ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси қабул қилинган куннинг 30 йиллиги билан  барчани муборакбод этди.

Мадҳиянинг давлатчиликдаги ўрни,   ёшларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамияти, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурхонов ва Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповлар томонидан мадҳиямизнинг яратилиши билан боғлиқ хотираларини сўзлаб берди.    

Шодиёна аслида эрта тонгданоқ бошланган эди. Байрам муносабати билан Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан Тошкент шаҳри   кўчалари бўйлаб “Ватанпарвар автокарвони” ташкил этилди.

Шунингдек тадбирда маънавий-маърифий соҳаларда фаоллик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ таъсис этилган “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони топширилди.

 “Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!” мавзусида давлат мадҳиясини жамоавий жўр бўлиб куйлаш, “Рангларда акс этган Ватан мадҳи” мавзуларидаги танловлар, “Ватан мадҳи янграр дилимда” онлайн интеллектуал беллашуви ғолиблари ҳам тақдирландилар.

Муножат Мўминова