Мулоқот чоғида мамлакатимизда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берилди. Хусусан, Самарқанддаги эшкак эшиш канали бўйида барпо этилган йирик  «Буюк Ипак йўли» халқаро туризм мажмуасининг  ишга туширилиши алоҳида таъкидланди.  Мажмуа ҳудудида 8 та меҳмонхона, шундан иккитаси беш юлдузли, иккитаси 4 юлдузли, тўртта бутик меҳмонхоналар, конгресс-холл ва «Абадий шаҳар»  барпо этилган.

Мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш ва янги Самарқанд халқаро аэропорти имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида 1 октябрдан бошлаб «очиқ осмон» режими жорий этилгани ҳам алоҳида қайд этилди.

Ўз навбатида, Хосе Мария Чикийо Барбер сайёҳлар учун яратилган янги ва қулай шароитлар, жумладан, Самарқанд шаҳрида яратилган замонавий инфратузилма мамлакатимизга туристлар оқимини оширишга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини оммалаштириш мақсадида ноябрь ойида Валенсия шаҳрида Испаниянинг йирик туркомпаниялари, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Самарқанд шаҳрида туризмни ривожлантиришга бағишланган форум ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.