МАГАТЭ билан ҳамкорликда 1994 йилдан бери бугунги кунгача 30 дан ортиқ миллий лойиҳалар амалга оширилди ва Ўзбекистонга 22 млн евродан ортиқ молиявий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 2020-2021 йилларда умумий қиймати 1 млн евродан ортиқ бўлган 4 та лойиҳа Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент шаҳар филиали, “Ўзатом” агентлиги ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университети учун амалга оширилди.
Шунингдек, 2022-2023 йиллар даврида Ўзбекистон учун умумий қиймати 1,5 млн еврога яқин бўлган 4 та лойиҳа МАГАТЭ томонидан тасдиқланган, шу жумладан Андижонда Ядровий тиббиёт бўлимини яратиш, радиациявий объектлар ва манбаларни самарали тартибга солиш ва назорат қилиш учун норматив-ҳуқуқий база ва инфратузилмани мустаҳкамлаш лойиҳалари.
Шу билан бирга, атом энергетикаси ва радиациявий ва ядро хавфсизлиги соҳалар учун кадрлар тайёрлашга катта аҳамият берилмоқда. Жумладан, МАГАТЭ томонидан ташкил этилаётган турли ўқув тадбирларда алоқадор вазирлик ва идоралар вакиллари билим ва малакаларини ошириб келмоқда. 2021 йилдан бугунги кунгача 242 та тадбир, шу жумладан малака ошириш, ўқиш, тренинг, учрашувлар ва бошқа тадбирлар ташкил этилди. Шулардан 152 тасида 200 нафардан ортиқ Ўзбекистон мутахассислари он-лайн режимида, 90 тасида эса 100 нафардан ортиқ мутахассислар чет эл давлатларда иштирок этди.
Шу билан бирга, Ишлатиб бўлинган ёқилғи билан хавфсиз муомалада бўлиш хавфсизлиги тўғрисидаги ва радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш хавфсизлиги ҳақидаги Бирлашган Конвенциянинг 32–моддасига асосан 2018 йилда Ўзбекистон ўзига олган мажбурият ва амалга оширилган ишлари юзасидан биринчи Миллий ҳисоботи тингланган. Шунингдек, Қўмита ва тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2017-2020 йиллар учун бўлган даврда амалга оширилган ва бажарилган ишлар юзасидан 2020 йил октябрда Ўзбекистон Республикасининг иккинчи Миллий ҳисоботи тайёрланди ва МАГАТЭга тақдим этилди.
Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида ушбу ташкилотга Ўзбекистонда ишлаб чиқилган ва импорт қилинган махсус рўйхатга киритилган кимёвий моддалар тўғрисида йиллик маълумотлар тақдим этиб борилмоқда.
Халқаро ҳамкорлик доирасида ходимларимизни ривожланган давлатлардаги атом электр станцияларга билим ва тажриба орттириш учун юбориш, МАГАТЭ ёрдамида халқаро инспекцияларда республика вакиллари иштирокига эришиш ва ривожланган давлатларнинг хавфсизликни тартибга солувчи органлари фаолияти билан танишиб, уларнинг тажрибасини ўз фаолиятимизга тадбиқ этиш тадбирлари режалаштирилган.
Хусусан, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўналишида 2022-2023 йиллар даврида 8 нафар ходимимизни турли давлатлардаги атом энергиясидан фойдаланиш объектларида хавфсизликни назорат қилиш, жойлаштириш, лицензиялаш масалалари бўйича малака ошириш стажировкаларига юбориш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, МАГАТЭ билан ҳамкорлик доирасида 2024 йилда МАГАТЭ томонидан Хавфсизликни тартибга солиш бўйича кенг қамровли таҳлил қилиш ҳизмати миссияси ўтказилиши кутилмоқда. Қўмита ва республикамиздаги атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида хавфсизликни тартибга солувчи бошқа ваколатли органлар томонидан ушбу миссияга тайёргарлик ишларини бошлади.