Ушбу тарихий ҳужжат билан Маҳалла инфратузилмасини янада такомиллаштириш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш бўйича устувор ислоҳотлар дастури ҳам тасдиқланди.

Мазкур дастурлар илғор хорижий таж­риба, замонавий бошқарув стандартлари ва миллий тараққиёт эҳтиёжлари асоси­да мутлақо янги ёндашув руҳида ишлаб чиқилгани билан аҳамиятлидир. Уларда давлат сиёсатининг жорий йил учун бел­гилаб берилган устувор йўналишлари, аниқ мақсадли кўрсаткичлари ва уларга эришишнинг пухта ўйланган механизмла­ри мужассам. Энг муҳими, ушбу ҳужжат­лар маҳаллага шунчаки ижтимоий инсти­тут сифатида эмас, балки тараққиётнинг таянч нуқтаси сифатида қаралаётганидан далолат

Кенгашли тўй тарқамас

Халқимиз минг йиллар давомида ушбу ҳикматга қатъий амал қилиб келган. Зеро, маслаҳат ва бирдамлик билан қилинган иш барқарор, тартибли ва баракали бўлади. “Тўй” сўзи эса умумий — катта иш, тадбир, жамоавий ҳаракат деган маънода қўллан­ган. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳам “Темур тузуклари”да салтанат ишларининг ўндан тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат билан бажарганини алоҳида таъ­кидлагани бежиз эмас. Демак, буюк давлат­чилик анъанамизда ақл, маслаҳат ва жамоа­вий фикр устувор ўрин тутган.

Бугун ана шу эзгу тамойил янгича маъ­но-мазмун касб этмоқда. Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришган илк кунларданоқ давлат бошқарувида очиқлик ва маслаҳатлашувни бош мезонга айлантирди. Энди муҳим қарорлар тор доирада эмас, балки жамоатчилик иштирокида муҳокама этилиб, қабул қилинмоқда. Ҳатто қонун ва қонунос­ти ҳужжатлар лойиҳалари Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилиб, фуқароларнинг фикр-му­лоҳазалари, таклиф ва эътирозлари ўрганил­моқда. Бу — “кенгашли тўй”нинг замонавий кўриниши десак, муболаға бўлмайди.

Чунки яқин ўтмишда мамлакат ҳаёти би­лан боғлиқ муҳим қарорлар, айрим қонун ва қонуности ҳужжатлар муайян “кабинет”­ларда, чекланган доирада, баъзан алоҳида шахсларнинг хоҳиш-иродаси билан қабул қилинган. Бундай ҳужжатлар эса тўлақонли бўлмаган, кутилган самарани бермаган, ўз навбатида, ижрода ҳам муаммоларга сабаб бўлган. Янги давр эса бутунлай бошқа талаб­ни қўймоқда: давлат — халқ учун, қарор — халқ билан бирга қабул қилиниши шарт.

Шу маънода, бугунги ислоҳотлар замири­да халқ донишмандлигининг ўша қадимий ҳикмати мужассам: кенгаш билан қилинган иш тарқамайди, халқ билан қабул қилинган қарор мустаҳкам бўлади.

Бунинг тасдиғи сифатида фармон ло­йиҳаси ҳам дастлаб Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталига жойлаш­тирилиб, бутун мамлакат жамоатчилиги муҳокамасидан ўтказилди. 23 январь — 1 февраль кунлари оммавий ахборот восита­лари ва интернет тармоқларида кенг тарғиб қилинди. Интернетда лойиҳа билан 5 мил­лиондан зиёд фойдаланувчи танишиб, бу бўйича 22 мингдан зиёд фикр-мулоҳаза ва таклифларни билдирди.

Бундан ташқари, ОТМлар ва давлат идо­раларида, АҚШ, Германия, Туркия, Франция, Канада, Жанубий Корея, Япония, Швеция, Португалия ва Қозоғистондаги ватандошлар иштирокида баҳс-мунозаралар ташкил эти­либ, қўшимча таклифлар олинди.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси та­шаббуси билан республикамиздаги 8992 та маҳаллада очиқ мулоқот шаклида ўтказилган фармон лойиҳаси муҳокамасида аҳолининг турли қатламлари ўз қараш ва истакларини эркин билдириш имкониятига эга бўлди.

Учрашувларда аҳоли фармон лойиҳасида белгиланган чора-тадбирлар, айниқса, маҳал­ла маблағи сарфи бўйича очиқ ҳисобдорлик­ни кучайтириш, маҳаллаларда ички йўллар, пиёдалар ва велосипед йўлакларини ташкил этиш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувват­лади. Энг муҳими, юртдошларимиз мамла­катимиз келажагига дахлдор масалаларга бефарқ эмаслигини амалда намоён этди. Улар билдирган таклиф ва мулоҳазалар лойиҳани янада такомиллаштириш, ҳаёт талаблари ва аҳоли эҳтиёжларига янада мослаштиришга хизмат қилди.

Таҳлиллар натижасида конструктив деб топилган 1000 га яқин таклиф саралаб оли­ниб, лойиҳага киритилди. Бу, ўз навбатида, халқимиз ислоҳотлар жараёнида фаол иш­тирок этаётгани ва мамлакат тараққиёти­га дахлдор қарорлар қабул қилинишида ўз масъулиятини теран англаётганининг ёрқин ифодасидир.

Ҳар бир рақам ортида инсон тақдири мужассам

“Одамларни қийнаётган муаммолар­га маҳалланинг ўзида ечим топадиган чинакам халқчил тизим яратиш менинг энг катта ниятим ҳисобланади”, дея ёзган эди Президентимиз “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китобида. Бу сўзлар оддий гап эмас, балки давлат бошқаруви фалса­фасининг туб моҳиятини англатади. Чунки инсоннинг дардини унинг ўзи яшаб турган муҳит — маҳалла яхши ҳис этади.

Бугун маҳалла фақат маънавий тарбия ўчоғи эмас, балки муаммоларни тезкор ҳал этувчи таянч нуқтага айланмоқда. Зеро, фар­монда маҳаллани ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган устувор ислоҳотлар­нинг асосий йўналишлари белгиланди. Ма­ҳаллаларда 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга ту­шириш орқали қўшимча 100 мингта янги иш ўрнини очиш, камбағаллик ва ишсизликдан холи маҳаллалар сонини 3500 тага етказиш, маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаш­тиришга 20 триллион сўм йўналтириб, улар­га Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, маҳаллалардаги муаммоларни бир вақтнинг ўзида тезкор ҳал этишда барча давлат ор­ганларига масъулиятни юклаб, ижрони 24/7 режимда онлайн назорат қилиш амалиётини йўлга қўйиш шулар жумласидан.

Ушбу рақамлар шунчаки статистик кўрсаткичлар эмас. Ҳар бирининг ортида Президентимиз бошчилигидаги жамоанинг туну кун изланиши, пухта ҳисоб-китоби ва катта масъулияти мужассам. Булар оддий ра­қамлар эмас, балки минглаб оиланинг дастур­хони тўкин, ёшлар ишли, маҳаллалар обод ва фаровон бўлади дегани.

Энг муҳими, ҳар бир рақам ортида инсон тақдири, ҳар бир режа ортида юрт келажа­ги турибди. Бу — янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги аниқ қадамлар, халқ фаро­вонлигини таъминлашга қаратилган қатъий ироданинг ифодаси. Шу боис, бу кўрсаткич­лар фақат иқтисодий мақсад сифатида эмас, балки халқ ишончи, эртанги кунга умид ва масъулият рамзи сифатида қадрлидир.

Барқарор муваффақият асоси

Бугун мамлакатимиздаги ислоҳотлар марказида инсон манфаати, фаровон ҳаёти ва муносиб турмуш шароити турибди. Шу маънода, Маҳалла инфратузилмасини янада такомиллаштириш ва уларга Янги Ўзбекис­тон қиёфасини олиб кириш бўйича устувор ислоҳотлар дастури жойларда муаммоларни кутмасдан ҳал этадиган, тараққиётни маҳал­ланинг ўзида бошлайдиган янги бошқарув моделига ўтишнинг амалий ифодасидир.

Маҳалланинг иқтисодий қудрати ошмас экан, ижтимоий барқарорлиги ва аҳоли фа­ровонлигини таъминлаш мушкул. Шу боис, дастурда маҳаллада саноат ва хизмат кўрса­тиш лойиҳаларини амалга ошириш белги­ланиб, уни маҳалланинг ҳақиқий тараққиёт нуқтасига айлантиришга қаратилган страте­гик қадам сифатида намоён бўлмоқда.

Жумладан, маҳаллалар ҳудудида қонунчи­ликда белгиланган тартибда ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатиш нуқталари­ни ташкил этиш учун кредит маблағларини ажратишга жами 5 триллион сўм йўналти­риш режалаштирилган. Шунингдек, мазкур мақсадларда тадбиркорлик субъектлари учун ажратиладиган кредит фоизининг миллий валютада 10 фоизгача, хорижий валютада 4 фоизгача бўлган қисми “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан қоплаб берилиши назарда тутилмоқда.

Натижада йил якунига қадар 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш орқали маҳал­лаларда қўшимча 100 мингта янги иш ўрни очилади. Бу эса маҳаллани нафақат яшаш манзили, балки барқарор даромад манбаи, ташаббус ва имкониятлар маконига айланти­ради.

Инсон муаммоси қуруқ статистика эмас, балки тирик тақдирдир. Шу боис, дастурда маҳаллаларда аҳоли муаммоларини хонадон­бай ўрганиш ва давлат органлари томонидан уларнинг ҳал этилишини онлайн назорат қи­лиш тартибини жорий этиш кўзда тутилмоқ­да. Ушбу тизимга кўра, “маҳалла еттилиги” вакиллари ҳар бир хонадондаги муаммолар­ни режа-жадвал асосида ўрганиб, аниқланган масалаларни “рақамли маҳалла” платформа­сига киритади. Кейин эса ушбу муаммолар сунъий интеллект орқали тегишли вазирлик ва идораларга тақсимланади ҳамда улар ҳал этилмагунча ижро ҳолати Вазирлар Маҳка­маси томонидан қатъий назорат қилинади.

Шу билан бирга, аҳолининг аниқланган муаммоларини ҳал этиш даражаси вазирлик ва идоралар раҳбарияти фаолиятини баҳо­лашнинг асосий мезонларидан бири сифа­тида белгиланди. Хонадонбай аниқланган муаммолар ижроси Ҳисоб палатаси ва Бош­қарув самарадорлиги агентлиги томонидан назорат қилинади ҳамда ҳар чоракда Ўзбе­кистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борилади.

Бу билан аҳолининг барча муаммосини ҳал этишни бир вақтнинг ўзида тегишли идорага юклаш ва натижаси бўйича аниқ муддатда сў­ров қилиш тизими шаклланади. 100 дан зиёд давлат органининг аҳоли муаммоларини ҳал этишдаги тўғридан тўғри иштироки таъмин­ланади. Онлайн назорат ва сунъий интеллект асосида мувофиқлаштирилган мазкур меха­низм мурожаатларни ортиқча сарсонгарчи­ликсиз, белгиланган муддат ва аниқ масъулият билан ҳал этиш имконини беради.

Маҳалладаги ислоҳотларнинг самараси, аввало, уни амалга ошираётган кадрларнинг масъулияти ва ваколатларини аниқ белги­лашга боғлиқ. Шуни инобатга олган ҳолда, дастурда “маҳалла еттилиги” фаолиятини ташкил этиш жараёнларини ислоҳ қилиш масаласи ҳам назарда тутилган. Унга кўра, 500 та маҳаллада синов тариқасида “маҳалла еттилиги” вакилларини уларнинг ўзи истиқо­мат қилаётган ва ёндош маҳалладан тайин­лаш амалиёти жорий этилади.

Шунингдек, “маҳалла еттилиги” аъзо­ларини йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш фақат фуқаролар йиғини раиси­нинг рухсати билан амалга оширилади. Улар­га вазифа ва фаолият йўналишларига дахлдор бўлмаган вазифаларни юклаш қатъий тақиқ­ланади. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан мазкур талабни бузгани учун давлат органлари ва ташкилотлари масъул ва мансабдор шахсларини эгаллаб турган лаво­зимидан озод этишгача бўлган жазо чорала­рини қўллаш юзасидан ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига таклифлар кири­тиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.

Пировард натижада “маҳалла еттилиги” фаолиятини ташкил этишда фуқаролар йи­ғини раисининг роли сезиларли даражада ошади, тайинлов жараёнида ҳудуднинг реал ҳолатини яхши биладиган мутахассисларни саралаш имконияти кенгаяди. Уларнинг ва­колатлари аниқ белгилаб қўйилиши орқали ортиқча вазифалар юкланишига чек қўйила­ди, ҳуқуқий асослар мустаҳкамланади. Энг муҳими, маҳаллада бошқарув тизими тартиб­ли, масъулиятли ва натижага йўналтирилган шаклга келади.

Хулоса қилиб айтганда, ўнта банддан ибо­рат мазкур дастур маҳаллани оддий маъму­рий бўғин эмас, балки иқтисодий ўсиш, иж­тимоий барқарорлик ва адолатли бошқарув марказига айлантиришни кўзлайди. Ҳар бир қарор ортида инсон тақдири, ҳар бир рақам замирида оила фаровонлиги мужассам экани эса ушбу ислоҳотларнинг стратегик ва чина­кам халқчил аҳамиятини яна бир бор тасдиқ­лайди.

Кенг кўламли вазифалар юксак масъулиятни талаб этади

Фармон ҳамда у билан тасдиқланган Маҳалла инфратузилмасини янада тако­миллаштириш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш бўйича устувор ислоҳотлар дастурида белгиланган вазифа­лар кўлами ғоят кенг ва масъулиятлидир. Маҳаллаларда минглаб ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш, юз минглаб янги иш ўринларини очиш, камбағалликни қисқартириш, инфра­тузилмани такомиллаштириш, муаммолар­ни хонадонбай ўрганиш, рақамли назорат ва сунъий интеллект асосида бошқарув тизимини жорий этиш — буларнинг барча­си маҳалланинг фақат ижтимоий институт эмас, балки стратегик ривожланиш марка­зига айланаётганидан далолат беради.

Бу жараёнда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси тизими ходимларининг масъулияти алоҳида аҳамият касб этади. Чунки маҳалла­даги ҳар бир ташаббус, ҳар бир ислоҳот, ав­вало, жойлардаги амалий ижро ва ташкилий салоҳиятга боғлиқ. Уюшма, “маҳалла еттили­ги” аъзолари нафақат ижрочи, балки давлат ва жамоатчилик ўртасида ташкилий куч сифати­да намоён бўлиши лозим. Улардан фақат инти­зом ва масъулият эмас, балки ташаббускорлик, адолат ва холислик ҳам талаб этилади.

Вазифалар кўламининг кенглиги ҳар би­римиздан ўз ишимизга янгича ёндашувни, рақамли кўникмаларни эгаллашни, аҳоли билан ишлаш маданиятини янада юксалти­ришни тақозо этади. Чунки маҳалла тизи­мидаги ҳар бир хатти-ҳаракат бутун давлат сиёсати самарадорлигига таъсир кўрсатади. Агар жойларда иш тизимли ва натижадор ташкил этилса, энг пухта режа ҳам ҳаётда ўз самарасини беради. Акс ҳолда, энг яхши ғоя ҳам кутилган натижани бермаслиги мумкин.

Шу маънода, маҳалла ходимларининг фидойилиги, масъулияти ва касбий маҳора­ти янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омилидир. Чунки маҳалла — бу шунчаки ҳудудий бирлик эмас, балки инсон тақдири ҳал этиладиган, ишонч мустаҳкамланадиган, адолат қарор топадиган маскан.

Қаҳрамон ҚУРОНБОЕВ,

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси,

сиёсий фанлар доктори, профессор