Ушбу тарихий ҳужжат билан Маҳалла инфратузилмасини янада такомиллаштириш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш бўйича устувор ислоҳотлар дастури ҳам тасдиқланди.
Мазкур дастурлар илғор хорижий тажриба, замонавий бошқарув стандартлари ва миллий тараққиёт эҳтиёжлари асосида мутлақо янги ёндашув руҳида ишлаб чиқилгани билан аҳамиятлидир. Уларда давлат сиёсатининг жорий йил учун белгилаб берилган устувор йўналишлари, аниқ мақсадли кўрсаткичлари ва уларга эришишнинг пухта ўйланган механизмлари мужассам. Энг муҳими, ушбу ҳужжатлар маҳаллага шунчаки ижтимоий институт сифатида эмас, балки тараққиётнинг таянч нуқтаси сифатида қаралаётганидан далолат
Кенгашли тўй тарқамас
Халқимиз минг йиллар давомида ушбу ҳикматга қатъий амал қилиб келган. Зеро, маслаҳат ва бирдамлик билан қилинган иш барқарор, тартибли ва баракали бўлади. “Тўй” сўзи эса умумий — катта иш, тадбир, жамоавий ҳаракат деган маънода қўлланган. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳам “Темур тузуклари”да салтанат ишларининг ўндан тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат билан бажарганини алоҳида таъкидлагани бежиз эмас. Демак, буюк давлатчилик анъанамизда ақл, маслаҳат ва жамоавий фикр устувор ўрин тутган.
Бугун ана шу эзгу тамойил янгича маъно-мазмун касб этмоқда. Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришган илк кунларданоқ давлат бошқарувида очиқлик ва маслаҳатлашувни бош мезонга айлантирди. Энди муҳим қарорлар тор доирада эмас, балки жамоатчилик иштирокида муҳокама этилиб, қабул қилинмоқда. Ҳатто қонун ва қонуности ҳужжатлар лойиҳалари Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилиб, фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва эътирозлари ўрганилмоқда. Бу — “кенгашли тўй”нинг замонавий кўриниши десак, муболаға бўлмайди.
Чунки яқин ўтмишда мамлакат ҳаёти билан боғлиқ муҳим қарорлар, айрим қонун ва қонуности ҳужжатлар муайян “кабинет”ларда, чекланган доирада, баъзан алоҳида шахсларнинг хоҳиш-иродаси билан қабул қилинган. Бундай ҳужжатлар эса тўлақонли бўлмаган, кутилган самарани бермаган, ўз навбатида, ижрода ҳам муаммоларга сабаб бўлган. Янги давр эса бутунлай бошқа талабни қўймоқда: давлат — халқ учун, қарор — халқ билан бирга қабул қилиниши шарт.
Шу маънода, бугунги ислоҳотлар замирида халқ донишмандлигининг ўша қадимий ҳикмати мужассам: кенгаш билан қилинган иш тарқамайди, халқ билан қабул қилинган қарор мустаҳкам бўлади.
Бунинг тасдиғи сифатида фармон лойиҳаси ҳам дастлаб Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталига жойлаштирилиб, бутун мамлакат жамоатчилиги муҳокамасидан ўтказилди. 23 январь — 1 февраль кунлари оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида кенг тарғиб қилинди. Интернетда лойиҳа билан 5 миллиондан зиёд фойдаланувчи танишиб, бу бўйича 22 мингдан зиёд фикр-мулоҳаза ва таклифларни билдирди.
Бундан ташқари, ОТМлар ва давлат идораларида, АҚШ, Германия, Туркия, Франция, Канада, Жанубий Корея, Япония, Швеция, Португалия ва Қозоғистондаги ватандошлар иштирокида баҳс-мунозаралар ташкил этилиб, қўшимча таклифлар олинди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташаббуси билан республикамиздаги 8992 та маҳаллада очиқ мулоқот шаклида ўтказилган фармон лойиҳаси муҳокамасида аҳолининг турли қатламлари ўз қараш ва истакларини эркин билдириш имкониятига эга бўлди.
Учрашувларда аҳоли фармон лойиҳасида белгиланган чора-тадбирлар, айниқса, маҳалла маблағи сарфи бўйича очиқ ҳисобдорликни кучайтириш, маҳаллаларда ички йўллар, пиёдалар ва велосипед йўлакларини ташкил этиш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлади. Энг муҳими, юртдошларимиз мамлакатимиз келажагига дахлдор масалаларга бефарқ эмаслигини амалда намоён этди. Улар билдирган таклиф ва мулоҳазалар лойиҳани янада такомиллаштириш, ҳаёт талаблари ва аҳоли эҳтиёжларига янада мослаштиришга хизмат қилди.
Таҳлиллар натижасида конструктив деб топилган 1000 га яқин таклиф саралаб олиниб, лойиҳага киритилди. Бу, ўз навбатида, халқимиз ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этаётгани ва мамлакат тараққиётига дахлдор қарорлар қабул қилинишида ўз масъулиятини теран англаётганининг ёрқин ифодасидир.
Ҳар бир рақам ортида инсон тақдири мужассам
“Одамларни қийнаётган муаммоларга маҳалланинг ўзида ечим топадиган чинакам халқчил тизим яратиш менинг энг катта ниятим ҳисобланади”, дея ёзган эди Президентимиз “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китобида. Бу сўзлар оддий гап эмас, балки давлат бошқаруви фалсафасининг туб моҳиятини англатади. Чунки инсоннинг дардини унинг ўзи яшаб турган муҳит — маҳалла яхши ҳис этади.
Бугун маҳалла фақат маънавий тарбия ўчоғи эмас, балки муаммоларни тезкор ҳал этувчи таянч нуқтага айланмоқда. Зеро, фармонда маҳаллани ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган устувор ислоҳотларнинг асосий йўналишлари белгиланди. Маҳаллаларда 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш орқали қўшимча 100 мингта янги иш ўрнини очиш, камбағаллик ва ишсизликдан холи маҳаллалар сонини 3500 тага етказиш, маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштиришга 20 триллион сўм йўналтириб, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, маҳаллалардаги муаммоларни бир вақтнинг ўзида тезкор ҳал этишда барча давлат органларига масъулиятни юклаб, ижрони 24/7 режимда онлайн назорат қилиш амалиётини йўлга қўйиш шулар жумласидан.
Ушбу рақамлар шунчаки статистик кўрсаткичлар эмас. Ҳар бирининг ортида Президентимиз бошчилигидаги жамоанинг туну кун изланиши, пухта ҳисоб-китоби ва катта масъулияти мужассам. Булар оддий рақамлар эмас, балки минглаб оиланинг дастурхони тўкин, ёшлар ишли, маҳаллалар обод ва фаровон бўлади дегани.
Энг муҳими, ҳар бир рақам ортида инсон тақдири, ҳар бир режа ортида юрт келажаги турибди. Бу — янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги аниқ қадамлар, халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган қатъий ироданинг ифодаси. Шу боис, бу кўрсаткичлар фақат иқтисодий мақсад сифатида эмас, балки халқ ишончи, эртанги кунга умид ва масъулият рамзи сифатида қадрлидир.
Барқарор муваффақият асоси
Бугун мамлакатимиздаги ислоҳотлар марказида инсон манфаати, фаровон ҳаёти ва муносиб турмуш шароити турибди. Шу маънода, Маҳалла инфратузилмасини янада такомиллаштириш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш бўйича устувор ислоҳотлар дастури жойларда муаммоларни кутмасдан ҳал этадиган, тараққиётни маҳалланинг ўзида бошлайдиган янги бошқарув моделига ўтишнинг амалий ифодасидир.
Маҳалланинг иқтисодий қудрати ошмас экан, ижтимоий барқарорлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш мушкул. Шу боис, дастурда маҳаллада саноат ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш белгиланиб, уни маҳалланинг ҳақиқий тараққиёт нуқтасига айлантиришга қаратилган стратегик қадам сифатида намоён бўлмоқда.
Жумладан, маҳаллалар ҳудудида қонунчиликда белгиланган тартибда ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатиш нуқталарини ташкил этиш учун кредит маблағларини ажратишга жами 5 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган. Шунингдек, мазкур мақсадларда тадбиркорлик субъектлари учун ажратиладиган кредит фоизининг миллий валютада 10 фоизгача, хорижий валютада 4 фоизгача бўлган қисми “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан қоплаб берилиши назарда тутилмоқда.
Натижада йил якунига қадар 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш орқали маҳаллаларда қўшимча 100 мингта янги иш ўрни очилади. Бу эса маҳаллани нафақат яшаш манзили, балки барқарор даромад манбаи, ташаббус ва имкониятлар маконига айлантиради.
Инсон муаммоси қуруқ статистика эмас, балки тирик тақдирдир. Шу боис, дастурда маҳаллаларда аҳоли муаммоларини хонадонбай ўрганиш ва давлат органлари томонидан уларнинг ҳал этилишини онлайн назорат қилиш тартибини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Ушбу тизимга кўра, “маҳалла еттилиги” вакиллари ҳар бир хонадондаги муаммоларни режа-жадвал асосида ўрганиб, аниқланган масалаларни “рақамли маҳалла” платформасига киритади. Кейин эса ушбу муаммолар сунъий интеллект орқали тегишли вазирлик ва идораларга тақсимланади ҳамда улар ҳал этилмагунча ижро ҳолати Вазирлар Маҳкамаси томонидан қатъий назорат қилинади.
Шу билан бирга, аҳолининг аниқланган муаммоларини ҳал этиш даражаси вазирлик ва идоралар раҳбарияти фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири сифатида белгиланди. Хонадонбай аниқланган муаммолар ижроси Ҳисоб палатаси ва Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан назорат қилинади ҳамда ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борилади.
Бу билан аҳолининг барча муаммосини ҳал этишни бир вақтнинг ўзида тегишли идорага юклаш ва натижаси бўйича аниқ муддатда сўров қилиш тизими шаклланади. 100 дан зиёд давлат органининг аҳоли муаммоларини ҳал этишдаги тўғридан тўғри иштироки таъминланади. Онлайн назорат ва сунъий интеллект асосида мувофиқлаштирилган мазкур механизм мурожаатларни ортиқча сарсонгарчиликсиз, белгиланган муддат ва аниқ масъулият билан ҳал этиш имконини беради.
Маҳалладаги ислоҳотларнинг самараси, аввало, уни амалга ошираётган кадрларнинг масъулияти ва ваколатларини аниқ белгилашга боғлиқ. Шуни инобатга олган ҳолда, дастурда “маҳалла еттилиги” фаолиятини ташкил этиш жараёнларини ислоҳ қилиш масаласи ҳам назарда тутилган. Унга кўра, 500 та маҳаллада синов тариқасида “маҳалла еттилиги” вакилларини уларнинг ўзи истиқомат қилаётган ва ёндош маҳалладан тайинлаш амалиёти жорий этилади.
Шунингдек, “маҳалла еттилиги” аъзоларини йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш фақат фуқаролар йиғини раисининг рухсати билан амалга оширилади. Уларга вазифа ва фаолият йўналишларига дахлдор бўлмаган вазифаларни юклаш қатъий тақиқланади. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан мазкур талабни бузгани учун давлат органлари ва ташкилотлари масъул ва мансабдор шахсларини эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш юзасидан ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига таклифлар киритиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.
Пировард натижада “маҳалла еттилиги” фаолиятини ташкил этишда фуқаролар йиғини раисининг роли сезиларли даражада ошади, тайинлов жараёнида ҳудуднинг реал ҳолатини яхши биладиган мутахассисларни саралаш имконияти кенгаяди. Уларнинг ваколатлари аниқ белгилаб қўйилиши орқали ортиқча вазифалар юкланишига чек қўйилади, ҳуқуқий асослар мустаҳкамланади. Энг муҳими, маҳаллада бошқарув тизими тартибли, масъулиятли ва натижага йўналтирилган шаклга келади.
Хулоса қилиб айтганда, ўнта банддан иборат мазкур дастур маҳаллани оддий маъмурий бўғин эмас, балки иқтисодий ўсиш, ижтимоий барқарорлик ва адолатли бошқарув марказига айлантиришни кўзлайди. Ҳар бир қарор ортида инсон тақдири, ҳар бир рақам замирида оила фаровонлиги мужассам экани эса ушбу ислоҳотларнинг стратегик ва чинакам халқчил аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди.
Кенг кўламли вазифалар юксак масъулиятни талаб этади
Фармон ҳамда у билан тасдиқланган Маҳалла инфратузилмасини янада такомиллаштириш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш бўйича устувор ислоҳотлар дастурида белгиланган вазифалар кўлами ғоят кенг ва масъулиятлидир. Маҳаллаларда минглаб ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш, юз минглаб янги иш ўринларини очиш, камбағалликни қисқартириш, инфратузилмани такомиллаштириш, муаммоларни хонадонбай ўрганиш, рақамли назорат ва сунъий интеллект асосида бошқарув тизимини жорий этиш — буларнинг барчаси маҳалланинг фақат ижтимоий институт эмас, балки стратегик ривожланиш марказига айланаётганидан далолат беради.
Бу жараёнда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси тизими ходимларининг масъулияти алоҳида аҳамият касб этади. Чунки маҳалладаги ҳар бир ташаббус, ҳар бир ислоҳот, аввало, жойлардаги амалий ижро ва ташкилий салоҳиятга боғлиқ. Уюшма, “маҳалла еттилиги” аъзолари нафақат ижрочи, балки давлат ва жамоатчилик ўртасида ташкилий куч сифатида намоён бўлиши лозим. Улардан фақат интизом ва масъулият эмас, балки ташаббускорлик, адолат ва холислик ҳам талаб этилади.
Вазифалар кўламининг кенглиги ҳар биримиздан ўз ишимизга янгича ёндашувни, рақамли кўникмаларни эгаллашни, аҳоли билан ишлаш маданиятини янада юксалтиришни тақозо этади. Чунки маҳалла тизимидаги ҳар бир хатти-ҳаракат бутун давлат сиёсати самарадорлигига таъсир кўрсатади. Агар жойларда иш тизимли ва натижадор ташкил этилса, энг пухта режа ҳам ҳаётда ўз самарасини беради. Акс ҳолда, энг яхши ғоя ҳам кутилган натижани бермаслиги мумкин.
Шу маънода, маҳалла ходимларининг фидойилиги, масъулияти ва касбий маҳорати янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омилидир. Чунки маҳалла — бу шунчаки ҳудудий бирлик эмас, балки инсон тақдири ҳал этиладиган, ишонч мустаҳкамланадиган, адолат қарор топадиган маскан.
Қаҳрамон ҚУРОНБОЕВ,
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси,
сиёсий фанлар доктори, профессор